Россияда боласидан айрилаётган мигрантлар

Image caption Тожик мигрантларнинг фарзанди Умарали ота-онасидан олиб қўйилишидан бир неча кун ўтиб ўлган.

Россияда ҳукумат полиция кўмагида "Вояга етмаганлар ҳуқуқларининг бузилиши ва қаровсизлик профилактикаси тизими асоси тўғрисида"ги федерал қонунга асосан болаларни ўз ота-оналаридан ажратиб олиши мумкин.

Бу каби ҳолларга ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам учрамоқда.

"Россияда бир кунда ўртача 159 нафар болалар оиласидан олиб қўйилади. Улардан 25 нафари тўла етимлардир", - дейди Россия Федерал Кенгаши аъзоси Елена Мизулина.

Аксар ҳолларда бола тортиб олинишининг асосий сабаби қилиб оиладаги иқтисодий ночорлик кўрсатилади.

"Оиладан боланинг олиб қўйилиши борасида кўриб чиқилган ҳолларда уйнинг таъмирланмагани, ёмон маиший шароит, мебелларнинг йўқлиги ва етишмаслиги, музлаткичда озиқ овқатларнинг етишмаслиги, аниқроғи камбағаллик сабаб бўлган", - дейди Ота-оналар қўмитаси ва жамияти уюшмалари раҳбари Ольга Леткова ташкилотнинг матбуот анжуманида.

Оилада боланинг ўсиши ва тарбиясига жиддий таъсир қилувчи омиллар, хусусан, ота-онанинг фарзанд ўстиришга ноқобиллиги, нолойиқлиги ёки фарзандига нисбатан шафқатсизларча муносабати ҳам боланинг васийлик идоралари томонидан олинишига асос бўлади.

Ота-оналаридан тортиб олинган болалар аввалига шифохона, кейин эса болалар уйларига жойлаштирилади. Бу ҳаракатлар кўп ҳолларда кенг жамоатчилик томонидан кескин танқид ва қаршиликларга сабаб бўлмоқда.

Омсклик Зухра Бакиеванинг беш фарзандидан тўрт нафари, орловлик Громовлар оиласининг 8 нафар фарзанди тортиб олинганлиги каби ўнлаб воқеалар Россия ҳаётида учраб турибди.

Умарали 2,3,4... давом этмоқда

Икки йил аввал Санкт-Петербургда полиция ходимлари томонидан ота-онасидан олиб қўйилиши ортидан шифохонада вафот этган тўрт ойлик гўдак Умарали Назаров фожеаси матбуотда кенг ёритилди.

Тожик мигрантларнинг фарзанди Умаралиникига ўхшаш қисмат турли кўринишларда бошқа гўдакларнинг ҳам бошига тушмоқда.

Россияга ишлашга келган муҳожирларнинг ижара уйлари полиция томонидан текширилганда ҳужжатлари носоз мигрантлар полиция идорасига олиб кетилса, уларнинг фарзандлари шифохона ёки болалар уйларига топширилмоқда.

Ўз исмини очиқламаган фарғоналик мигрант аёл шундай ҳолнинг қурбони бўлди.

"Уйимизни полиция босганида болам билан ухлаб ётгандик. Ҳужжат текшириш бошланди. Шошганимдан боламнинг ҳужжатларини топа олмай қолдим. Уйимиздагиларнинг ҳаммасини полицияга олиб кетишди. Боламни қўлимдан йиғлатиб тортиб олишди. Эртаси куни суд бўлиб бизни қўйиб юборишди, боламни қаердалигини айтишмади. Икки хафта Москванинг ҳар битта болалар уйини бориб кўриб, зўрға топдим. Яхшиямки, боламнинг хужжатлари жойида эди, зўрға қайтариб ололдим", - дейди у.

Тула вилоятида меҳнат қилаётган термизлик Роҳатой Чориева эса икки йилдан бери тўрт ёшли қизчасини топа олмаётганини айтади.

Унинг айтишича, полиция текширувларининг бирида олиб қўйилган қизча болалар уйига бериб юборилган. У ерда қизчанинг исм-шарифи ўзгартирилиб, рус оиласига асранди қилиб берилган. Асраб олганларнинг кимлиги сир сақланади.

"Элчихонага ёрдам сўраб бордим, ҳужжатларимга ёрдам беришди, аммо боламни қайтариб ололмаяпман. Қизимни олиб қўйишганида унинг ҳамма ҳужжатлари бор эди. Югурмаган жойимиз қолмади. Уни топмагунимча уйга кетмайман", - дейди у.

Чориеванинг айтишича, боланинг давлат қарамоғига олинишига унинг онасининг ҳужжатлари жойида эмаслиги сабаб қилиб айтилган.

Қонунчи катталар - жабрланган болалар

Россиялик экспертлар амалдаги қонунлар жуда чалкашлигини таъкидлашмоқда.

Россия ҳукумати эса оиладан болани олиб қўйиш борасида масаласини қайта кўриб чиқаётганини билдирмоқда.

Оила кодексининг 77-бандида боланинг ҳаёти ва саломатлигига таъсир қиладиган ҳар қандай бевосита хавф бўлса, боланинг васийлик идоралари томонидан олиб қўйилиши ёзилган.

"Демак, бу мезонга кўра хавф ота-она эмас, учинчи шахс, ёки ҳатто табиий офат томонидан бўлса ҳам, болани ота-онасидан олиб қўйиш мумкин экан-да," - дея савол сўрайди Жамоатчилик кенгаши аъзоси Людмила Виноградова.

Шу йилнинг январь ойида ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидованинг бир ёшли қизчаси полиция ходими томонидан олиб қўйилган кезларда ҳукумат эътибори мазкур муаммога қаратилди.

Олиб қўйилган болаларни оиласига қайтариш жараёни ҳам мужмал экани оммага аён бўлди.

Сенатор Мизулина эса болаларни оиласидан ноқонуний тортиб олган полиция ходимларини жавобгарликка тортишни таклиф қилди.

Ноқонуний тортиб олинган болаларни ота-онасига қайтариш ҳам вақт талаб қилаётгани таъкидланмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар