Кафансиз кўмилган ўзбеклар
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кафансиз кўмилган ўзбеклар - ҳужжатли фильм

101 йигит Ўзбекистондан чиқиб, Европага урушга кетишади.

Ўзбекларнинг ортида оналари, суюкли ёр ва болалари, қуёш қиздирган, билқиллаган тупроққа тўла кўчалари, бу кўчаларни тутган зирали зирвак ҳиди, ҳар саҳар уйғотувчи азон овозлари қолиб кетади.

Олис ва бегона юртда уларни жанда-жундага ўраб, маймунсифат мавжудот сифатида намойиш қилишади.

Ҳар куни таҳқирлашади, ҳайвондан баттар калтаклашади, сичқон тутиб, ўт-ўлан юлиб ейишга мажбур қилишади.

Кўплари ўлади. Ниҳоят, тирик қолганларини ўрмонга олиб чиқиб отишади, исм ва ҳужжатларини ёқишади.

Ушбу фильм - 1941 йил сентябридан то 1942 йил апрелигача Голландиядаги Амерсфорт концлагерида Нацистлар қўлида азоб чеккан 101 номаълум ўзбек ҳақида.

Улар учун ҳозир Амерсфорт яқинида махсус қабристон ташкил этилган.

Бу ўзбеклар ким? Уларни аниқлаш, Ўзбекистондаги қариндошларини топиш мумкинми?

Голландиялик фаоллар ҳозир уларнинг Ўзбекистондаги яқинларини излашмоқда. Болалари, ука ё сингиллари бўлса, Амерсфортга, қабрлари бошига зиёратга олиб келишмоқчи.

Балки ораларида сизнинг Иккинчи Жаҳон Урушида бедарак кетган бобонгиз, тоға ё амакингиз бордир?

Би-би-си Ўзбек Хизмати видеолавҳасини томоша қилинг.

Муаллиф ва мухбир: Рустам Қобил.

Тасвирчи: Олимхўжа Асқаров.

Фильмда фойдаланилган материаллар:

Stichting Russisch Ereveld жамғармаси,

Эймланд ва Голландия Давлат Архивлари,

Флиҳит ҳамда Амерсфорт Миллий Ёдгорлиги ва концлагери музейлари,

Питер Яхерга тегишли сурат, тасвир ва чизмалардир.

Фильмни тайёрлаш жараёнидаги маълумот, маслаҳат ҳамда кўмак учун

тарихчи олим Баҳодир Узоқов ва тадқиқотчи Ремко Рейдингга миннатдорчилик билдирамиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02