Ўзбек телеканалларини томоша қилмоқчимисиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mtrk.uz
Image caption Охирги вақтда "Ахборот" информацион дастурида жамиятдаги камчиликлар ҳақида гапирила бошланди.

Ўзаро суҳбатларда ўзбекистонликларнинг "мен Ўзбекистон телеканалларини кўрмайман" деган гапларини кўп эшитиш мумкин эди.

Бунинг асосий сабаби, давлат телеканаллари ва радиостанцияларида кучли цензура ўрнатилгани, телеканаллар ва радиостанциялар бугунги ўзбекистонликлар учун қизиқ, уларни ўйлантирган долзарб мавзуларни ёритмай келгани, дейиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан Ўзбекистон телерадио компанияси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган махсус комиссия телетомошабинларнинг фикрларини ўрганмоқда.

Хабарларга кўра, махсус комиссия Ўзбекистон давлат телеканаллари, радиостанциялари фаолияти ҳақидаги ҳар қандай камчилик, ҳар бир фикр ва таклифни ўрганиб чиқади.

Ўрганишлар мобайнида хорижий телеканаллар тажрибасидан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан кейин Ўзбекистонда телерадиокомпания фаолиятини такомиллаштириш концепциясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Президент Мирзиёев шу йил февралида Миллий Телерадиокомпания раисини ўзгартирди.

30 март куни бўлиб ўтган мажлисда у давлат телерадиоканалларининг фаолиятини танқид қилди.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деб айтган Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор орқали ўтказган мажлисида.

Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг таркибига "Ozbekiston", "Yoshlar", "Toshkent", "Sроrt", "Madaniyat va ma`rifat", "Dunyo bo`ylab", "Mahalla", "Bolajon", "Diyor", "Kinoteatr", "Navo", "Oilaviy" телеканаллари, "Ўзбекистон", "Ёшлар", "Тошкент", "Спорт", "Маҳалла" радиоканаллари ва 14 та Қорақалпоғистон ва вилоятлар телерадиокомпаниялари киради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ