"Тоқатим тугади, боламни озод қилинглар"

Диний қараши ҳукуматникидан фарқли диндорларга муносабат ўзгармаган
Image caption Диний қараши ҳукуматникидан фарқли диндорларга муносабат ўзгармаган

Тошкентдан Гулчаш Содиқова диний эътиқоди туфайли 16 йилдан бери қамоқда қолаётган ўғлига яна уч йил қўшиб берилиши тоқатини тоқ қилганини айтади. Унинг Би-би-сига айтишича, Президент портали, Олий суд, Сенатга қилган барча мурожаатлари бесамар кетган. Гулчаш опанинг ўғли Бахтиёр Содиқовга ўхшаганларга муддати тугаган бўлса-да, қўшимча йил берилиши, Ўзбекистонда диндорларга енгилликлар берилаётгани ҳақида хабарлар чиққан бир вақтга тўғри келмоқда.

Би-би-си Гулчаш Содиқовага қўнғироқ қилганида у навбатдаги марта Олий суд раиси Шаюнус Газиев қабулига кириш учун кутиб турганди. Гулчаш опанинг ўғли 16 йил бурун диний эктсремизмда айбланиб 12 йилга ҳукм қилинган. 2013 йили унга "ички тартибни бузган" деган айб қўйилиб 3 йил қўшиб берилган.

Шу йилнинг апрелида Бахтиёр Содиқовга яна "ички тартибни бузган" деган айб билан 3 йилу 2 ой муддат қўшиб берилган.

"Ҳаммасига ёздим, ҳаммадан бир хил жавоб келяпти. Болангиз ички тартибни бузгани учун қамоқ муддати узайтирилди, деган. Бу жавобни мен ҳам биламан, лекин қанақасига фақат менинг болам чиқишига оз қолганда тартибни муттасил бузиши мумкин. Бу сафар қаттиқ гаплашмоқчиман. Тоқатим қолмади", - дейди Гулчаш Содиқова.

Гулчаш Содиқованинг тоқати тоқ бўлиши Ўзбекистонда диндорларга нисбатан енгилликлар берилаётгани тўғрисидаги хабарлар манзарасида янграмоқда.

Диндорларга оқланмоқдами?

Facebook ижтимоий тармоғида изоҳ қолдирган бир неча фойдаланувчи диндорларга нисбатан ҳукуматнинг позицияси ўзгаргани ҳақида ёзган.

Хусусан, Салим Айюбий бу каби ҳолатлар акс этган бир неча пост қолдирган.

Хушхабарлар жавом этади, деб бошланади ана шундай постлардан бири.

Унда диндорлиги сабаб судланган бир шахснинг судланганлик ҳукми олиб ташланаётгани ва уни жамият қайтариш учун маҳалла масжиди имомининг ўзи йўқлаб келгани ва уни тез орада ишга қайтарилишлари ҳақида ёзилган.

Бу каби изоҳларни бошқа профиль эгалари ҳам ёзганини кўриш мумкин.

"Постда айтилаётган ҳолатларга манам розиман, майли тўқ яшамай, аммо қўрқмай яшай. Манданам судланганлик ҳолатини олиб ташлашмоқчи, манам бунга гувоҳларданман", - деб ёзади Дониёр Икромов.

Эски ҳаммом, эски тос

Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов диний айбловлар билан қамалганлар учун ҳеч қандай енгилликлар бўлмаётганини таъкидлайди.

"Мен кўраётган ва менга мурожаат қилаётганларга қараб айтишим мумкинки, намозхонларга, ноҳақ қамалганларга нисбатан муносабат ўзгаргани йўқ. Афсуски, яхшилик бўлаётгани йўқ. Шу кунларда ҳибсга олишлар давом этаяпти. Тошкент шаҳар судида бир нечта судлар кетаяпти. Диний эътиқод сабаб қамашлар ўша-ўша давом этаяпти", - дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, диний айбловлар билан қамалганларнинг муддати тугаш арафасида турли айбловлар билан яна муддат қўшиб бериш ҳам олдингидек давом этмоқда.

"Айримларни 3 ва 4 чи марта тартибни бузди, деган уйдирма айблар билан қамоқ муддатини узайтиришяпти. Оқланиш деган нарса йўқ. Оқланса ҳаммаси оқланиши керак эди. Аммо 8 йил ёки 15 йил ўтириб, қамоқ муддати тугаб очиқликка чиқаётганлар ҳам бор", - дейди Суръат Икромов.

Диний қарашлари ҳукуматники билан бир хил бўлганларга муносабат ўзгарди

Америкадан Инсон ҳуқуқлари фаоли Мирраҳмат Мўминовнинг Би-би-сига айтишича, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистондаги расмий диний қарашда эътиқод қилувчи бир тоифа учун ҳукуматнинг сиёсати ўзгаргани бор гап.

"Диндорлар деганда Ўзбекистонда сўнгги 25 йил ичида икки хил тоифа тушунилади. Бири Ўзбекистон ҳукуматининг расмий диний қарашига мойил бўлган ёки унга бўйсинган тоифага ҳозир енгилликлар бўляпти. Иккинчи тоифа расмий диний қарашдан ўзгачароқ бўлган, яъни ҳукумат ва диний идора тилида "ваҳобийлар", "ҳизбуттаҳрирчилар", "таблиғ" ёки бошқа-бошқа турли гуруҳ оқимлардан иборат тоифага бошқача сиёсат олиб борилмоқда", - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Унинг айтишича, Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент вазифасиини бажариб турган сентябр ойида 150 атрофида турли оқимларга аъзоликда айбланган диндор бир кечада қамоқдан озод қилинган.

"Амнистия қарори чиқмасдан олдин турли тоифадаги 152 диндор қамоқдан чиқарилди. Биз мониторинг ўтказиб уларнинг қайси вилоят ва тумандан эканлигигача топиб, номларини аниқладик. Бу ҳолат Мирзиёев вақтинча Президент бўлиб турганда 26 сентябрдан 3 октябргача бир ҳафта давом этди", - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, қўққисдан ва огоҳлантиришсиз озод қилинган бу одамларга ҳатто озод қилинганлиги тўғрисида қоғоз ҳам берилмаган. Кейинчалик уларга нисбатан расмийларнинг муносабати ҳам ёмонлашган.

"Қамоқдан озод қилинганлар билан гаплашганимизда, уларнинг айримларига ҳужжатлари қилиб берилмаяпти. Паспорт олишмаган. Ҳар ҳафта участка нозири чақириб, уларга миннат ва дўқ-пўписа қилиб туришибди. Ишга жойлашиши учун имконият берилмаяпти. Уларнинг ўзи ҳам тушунишмаяпти. Нега қўйиб юбориб, нима учун қаттиқ муносабат қиляпсизлар, деб сўрашяпти", - дейди у.

Мирраҳмат Мўминовнинг айтишича, Сентябрдаги ҳолатдан сўнг турли оқимларда айбланиб қамалганларга нисбатан муносабатда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Аксар ҳолатда қамоқдан озод қилишлар ва судланганлиги тўғрисидаги ҳукмни олиб ташлашлар борасида бирор хабар олишмаган.

Шу билан расмий диний қарашга мойил бўлганларга нисбатан муносбат ўзгарганини кўриш мумкин.

"Facebookда шундай хабарлар чиқаяптики, расмий лавозимда ишлаган, расмий имом бўлган ёки Ўзбекистон ҳукуматининг расмий диний қарашига мойил ва содиқ бўлган баъзи тоифаларга қараш ўзгарган. уларнинг ичида қандайдир қора рўйхатга тушиб қолган ёки баъзи тарафлари ёқмаганидан имомликдан четлаштирилганларга келишиб, энди имомликка қайтинглар, деган маълумотлар ҳам бор. Парадокс ҳолат", - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Мирраҳмат Мўминов Шавкат Мирзиёевнинг Ислом дини ҳақида гапирган гаплари орқали Ислом динига ва мусулмонларга бўлган муносабати қандай бўлиши ҳақида сигналлар берганини айтади.

"Бу расмий диний идора вектори бўйича олиб борилади, уларнинг тавсиясига қараб ҳукуматнинг диний соҳадаги сиёсати шаклланади. Бу мотуридий ва сўфийлик йўналиши бўйича кетаяпти ҳозирча", - дейди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ