Зироат Мирзиёеванинг ҳусни баҳс марказида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shavkat Mirziyayev/Facebook
Image caption Шавкат Мирзиёев ва Си Цзинпинг рафиқалари билан

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи ва "Бир белбоғ, бир йўл" халқаро форумида иштирок этиши ўзбек ижтимоий тармоқларида кенг муҳокама қилинди. Аммо, интернетдагиларнинг аксари президент ўз ташрифи чоғида имзолаган келишувлар мазмунини эмас, балки кўпроқ унга ҳамроҳлик қилган рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг ҳусни ва малоҳатини муҳокама этишди.

Шавкат Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифасида шарҳ қолдирган бир ўзбекистонлик аёл Мирзиёева хонимнинг ташқи қиёфасини таҳлил қилди.

"Унинг фигураси француз аёллариникидек. Балки юзини торттиргандир, лекин ботокс-мотокс йўқ, афтидан маданиятли ва ақлли, нозик диди бор".

Фейсбукдаги Новости Узбекистана саҳифаси шарҳловчилари ҳам Зироат Мирзиёевага ҳамд-санолар ўқишди.

"Биринчи леди, браво!!!"

"Мелани Трамп дам олаяпти!)))"

"Олдинлари Озарбайжон биринчи ледисининг чиройига ҳам ҳайрон қоларди, энди бизникига ҳайрон бўлишади))"

"Унинг ўрнида бўлган ҳар бир аёл ҳам шундай чиройли бўлган бўларди! Умуман олганда, бизда ҳамма аёллар кўп овқат емаса ва жаҳлдор бўлмаса, чиройли бўлишади!!"

"Юртбошимнинг ёнларида турган рафиқалари дунёдаги энг чиройли ва лобар аёл бўлсалар керак! Ҳа шундоқ бўлишиям керак! Биз нафақат Сизни, балки бутун оилангизни ҳам севамиз ва ҳурмат қиламиз! Аёлингиз ҳамиша ёнингизда Сизга шунақанги кўрк бағишлаб турсинлар!"

"Энг гўзал аёл бизнинг Ўзбекистондан экан, қаранг, гўзал, иболи...."

Би-би-си Ўзбек хизматининг фолловерлари ҳам биринчи ледини олқишладилар.

Бир ўзбекистонлик "Зироатхондан аёл кишига хос юқори маданият ва зиёлилик уфуриб турибди," деб ёзса, хорижий исмли бошқа муштарий инглиз тилида "Ўзбекларнинг биринчи ледиси жуда кўркам экан" дея шарҳ қолдирган.

Зироат Мирзиёеванинг ташқи кўринишини қозоқ ва қирғиз хабар агентликлари ҳам эътиборсиз қолдиришмади.

"Улар трапдан тушаётганларида қаттиқ шамол эсаётганди ва у президент рафиқасининг сочини тўзитиб юборди. Лекин, бу видеокамераларга Зироат Мирзиёеванинг гўзаллигини қайд қилишга ҳалақит қилмади - у юзидан сочини олиб, кутиб олаётганлар мезбонларга жилмаярди", деб ёзади Спутник Киргизстан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02