Нефтегазга 4 йилда 30 миллиард доллар

Газ-кимё мажмуаси Фото муаллифлик ҳуқуқи ung.uz

Ўзбекистон нефть ва газ соҳасига 2021 йилгача 30 миллиард 400 миллион АҚШ долларига тенг маблағ йўналтирмоқчи.

Бу ҳақда "Ўзбекнефтегаз" компанияси тарқатган материалларда маълум қилинган.

"Ўзбекнефтегаз" ўз режалари билан Тошкентда иш бошлаган Global Oil&Gas Uzbekistan-2017 халқаро кўргазмасида ўртоқлашган.

Президент Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон нефть ва газ соҳасини такомиллаштиришга қаратилган дастур қабул қилинган, 2016-2021 йилларга мўлжалланган дастурда нефть ва газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш кўзланмоқда.

Ўзбек нефть ва газ соҳасини модернизациялаш дастури 74 та лойиҳани ўз ичига олган.

Бу лойиҳалар орасида Сурхондарё вилоятидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конидан газ олиш, у ерда Россиянинг "Газпром"и билан ҳамкорликда газ-кимё мажмуасини барпо этиш, Шўртан газ-кимё мажмуасида синтетик суюқ ёқилғи GTL(gas-to-liquids) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Шўртан заводининг ишлаб чиқариш қувватини 125 минг тоннадан 500 минг тонна полиэтиленга етказиш, Жиззах Нефтни Қайта ишлаш заводини қуриб битказиш режалари бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ung.uz
Image caption Шўртан газ-кимё мажмуасида янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам режаланган.

Шўртан газ-кимё мажмуасида яна янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

2019 йилгача Шўртан заводига 400 миллион доллардан зиёд сармоя йўналтириш мақсади қилинган.

Бундан ташқари, Қашқадарёда поливинилхлорид, АБС-пластик, синтетик каучук, хушбўй углеводородлар, суперабсорбен каби 15 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистондан Жиззах Нефтни қайта ишлаш заводи учун янги нефть қувури барпо этишни режалаган.

2 миллиард 200 миллион долларга баҳоланаётган Жиззах заводига Россия нефтини Қозоғистондан қувур орқали етказилади.

Жиззах Нефтни қайта ишлаш заводи йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлай олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK/MIRZIYOYEV
Image caption Жиззах Нефтни қайта ишлаш заводининг тамал тоши Зафаробод туманида қўйилди

У ерда бир йилда 700 минг тонна авиация керосини, 3,7 миллион тонна мотор ёқилғиси, 300 тонна бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Май ойи ўртасида Президент Мирзиёевнинг Пекинга сафари мобайнида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 22 миллиард долларлик 105 битим имзоланди.

Бу ҳужжатлар орасида "Ўзбекнефтегаз"га тааллуқли умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланаётган 10 та шартнома бор.

Бу шартномалардан бири Ўзбек газини Хитойга 3 йил мобайнида сотишни кўзда тутади.

Оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, "Ўзбекнефтегаз" ширкати раҳбари Алишер Султанов газ миқдори ва баҳоси ҳақида маълумот бермаган.

Март ойида Россиянинг "Газпром" ширкатига газ сотиш бўйича ҳам шартнома имзоланганди.

Бу битимга кўра, "Газпром" Ўзбек газини 5 йил давомида сотиб олади, 2017 йили 5 миллиард кубометр газ Россияга йўл олиши хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ung.uz

Ўзбек нефтегаз соҳасини модернизация қилиш натижасида 2022 йилга бориб қўшимча 53,5 миллиард кубометр газ олиш, 1 миллион 100 минг тонна газ конденсати ва 1 миллион тонна нефть ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг газ захираси тугаб қолиши борасидаги хавотирлар ҳам билдирилаётганига анча бўлди.

Ўзбекистоннинг тасдиқланган газ захираси 1,1 триллион кубометрни ташкил этади, деб кўрилади ва захирасининг кўплиги бўйича дунёдаги 10 та етакчи, МДҲдаги учинчи мамлакат ҳисобланади.

Британиянинг British Petroleum ширкати ҳар йили дунёдаги газ ишлаб чиқаришга бағишланган ҳисобот эълон қилади ва BP рейтинги бўйича Ўзбекистон 2015 йили 57,7 миллиард кубометр табиий газ олган.

Агар Ўзбекистон 2022 йилга бориб йилига 111 миллиард кубометр газ олишни бошласа, захираси 10 йилда тугаб қолиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон Россия ва Хитойга газ сотади.

Мамлакатнинг янги раҳбарияти нефть ва газдан ташқари қайта тикланадиган энергия манбаларини топиш ва ўзлаштириш амалларини ҳам фаоллаштирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ