Beeline муҳимми ёки 4G тезлик?

Beeline uz веб Фото муаллифлик ҳуқуқи Beeline.uz
Image caption Бугунги кунда Beeline хизматининг сифати мамлакатдаги энг баланд мобил алоқа ширкати, бироқ бундан ҳам аъло бўлиши мумкин эди.

Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда расмийлар Beeline ширкати Ўзбекистон мобил алоқа бозорида юзма-юз келган навбатдаги муаммо борасида ўз муносабатларини билдирганлар.

Навбатдаги муаммо дейилишининг сабаби, 2012 йилда "Ўздунробита"нинг 12 миллион атрофидаги мижозлари бир кунда алоқадан маҳрум бўлганидан бошлаб Ўзбекистон мобил алоқа бозори билан боғлиқ можаролар Европа ва АҚШгача тарқалган, раҳбарлар лавозимларидан айрилиб, ширкатлар юзлаб миллион доллар жарима тўлашигача тўғри келган.

Сўнгги можаронинг "Ўздунробита" мижозлари 2012 йили алоқасиз қолганлари билан ҳам боғлиқ.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Радиочастоталар кенгаши 900/1800 мегагерц диапазонидаги радиочастоталарни тўртта мобил алоқа ширкати ўртасида қайта тақсимлашга қарор қилган.

Бу, Beeline мобил алоқа ширкати ўзи эгалик қилиб келган радиочастоталарнинг қарийб ярмини йўқотади, деганидир.

Beeline ўзига тегишли радиочастоталарнинг 47 фоизини йўқотаётганидан норози ва Ўзбекистоннинг Радиочастоталар бўйича кенгашини судга беришга қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бугун Ўзбекистонда энг кўп - 9,5 миллион мижозга эга Beeline ширкатига кўра, радиочастоталарни қайта тақсимлаш қарори ўзларига 50 миллион долларлик молиявий зарар етказади.

Beeline 2016 йил августида радиочастоталарга тааллуқли шартномани яна 15 йилга янгилаганини, ушбу битим якунига етгунича кучида қолиши лозимлигини айтган.

Аммо Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг айтишича, Ўзбекистондаги радиочастоталарнинг аксарини бир ширкат ихтиёрида қолдириш мамлакатдаги мобил алоқа сифатини яхшилаш ҳаракатларини орқага суради.

Халқаро Пресс-клубда муваққат вазир Шерзод Шерматов шундай муқояса келтирган: "Оддий қилиб айтганда, бир кенг йўл бор. Сизнинг унча катта бўлмаган учинчи авлоддаги юк автомобилингиз бор. Кимдир йўлнинг маълум қисмини банд қилади. Орқангиздан тўртинчи авлоддаги операторлар келишаяпти, бироқ сиз уларга йўл бермаяпсиз. Агар ҳамма йўллар очиб қўйилса, кимнинг юк автомобили яхши бўлса, олдинга ўтиб кетаверади".

Жаноб Шерматов айтишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги LTE (4G) стандартидаги алоқа республика ҳудудининг атиги 1 фоизини қамраб олган.

Шунинг учун Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобил алоқа бозорида рақобат муҳитини кенгайтириш ва такомиллаштириш, 4G хизмати кўрсатиши учун мобил алоқа операторларига тенг имкониятлар яратиш мақсадларини кўзлаб радиочастоталарни қайта тақсимлаб чиқишга қарор қилган.

4G ёки LTE мобил алоқанинг тўртинчи авлоди бўлиб, кўчадаги одамга алоқани 100 Мбит/секундда, стационар абонентларга эса 1 Гбит/сония тезликда узатиш имконини беради.

Beelineдан айтишларича, Россиянинг "Вимпелком" ширкати Ўзбекистон мобил алоқа бозорида фаолият бошлаганидан кейин нафақат Unitel ширкатини, балки радиочастоталари зарур бўлгани учун Buztel ва Uzmacom GSM-операторларини ҳам сотиб олган, энди эса ҳақли равишда ўзларига тегишли бўлган радиочастоталарни тортиб олаяптилар.

Beeline хўжалик судигача бормасдан, келишувга эришилишига умид қилаётганини айтган.

Шу кунларда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Beeline, Ucell, Universal Mobile Systems ва Uzmobile мобил алоқа ширкатлари вакиллари иштирокида муаммони ҳал этиш йўлларини излаш мақсадида ишчи йиғилишларини ўтказишга қарор қилинган.

Сўнгги янгиликдан Ucell, Universal Mobile Systems ва Uzmobile ширкатлари хурсандлар, улар энди мижозларга 4G алоқасини кенгайтириш йўлларини излаётганларини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълум қилишича, шу йил апрелида Ўзбекистондаги мобил алоқа мижозларининг сони 21 миллион 400 дан ошган.

Вазирлик шу йил охиригача бутун мамлакат бўйлаб 450 та 4G мобил база станциялари ўрнатилиши режаланганини хабар қилди.

Бугунги кунда Beeline хизматининг сифати мамлакатдаги энг баланд мобил алоқа ширкати ҳисобланади.

Ширкат Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ҳам узлуксиз алоқани таъминлашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Сигнал тарқатадиган антенналар, подстанцияларни электр қуввати билан таъминлайдиган кўчма генераторларнинг сонини кўпайтириш йўллари кўрилаяпти.

Beeline Ўзбекистондаги энг кўп мобил Интернет хизматини кўрсатаётган ширкат ҳамдир.

Бироқ Ўзбекистондаги бошқа хорижий ширкатлар қатори Beelineда ҳам ўз даромадини конвертация қилиш муаммоси мавжудлиги хизмат сифатини бундан ҳам яхшилашга тўсқинлик қилиб келган қатор омиллардан бири деб тилга олинади.

Шунинг учун ҳам туман марказларидан 5-10 километр узоқликдаги кўплаб қишлоқ ва аҳоли яшаш масканларидаги инсонларнинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб тушиш мушкул бўлиб турибди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ