‘Тошкент йўлбарси’: ‘Ўзбекистондан ҳамма қўрқади’

Руфат Рисқиев Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги Рио Ёзги Олимпиадаси ва Осиё чемпионатида қайд этган кетма-кет тарихий натижаси ортидан илк бор Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам ўзини кўрсатди.

Ўзбекистонлик беш нафар боксчи Боку мезбонлик қилаётган бу йилги ўйинларнинг ярим финалига чиқиб, Ўзбекистон терма жамоаси учун камида бешта бронза медалини нақд қилди.

Бокудагиси - Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор иштирок этаётган Ислом бирдамлик ўйинлари бўлади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - томоша қилинг.

"Бошқалар бошқа мамлакатлардан гапирса, мен ўзбекман, дейман. Бизларнинг боксчилар, дейман. Ҳаммаси ўзбекларни ҳурмат қилишади. Ўзбекистондан қўрқишади...", - дейди ўзбекистонлик боксчиларнинг бу каби натижаларига баҳо бераркан Тошкентдан ўзбек боксининг афсонаси Руфат ака Рисқиев.

Ўзбекистон ўзининг илк иштироки эканига қарамай, аллақачон ўйинлар медаллар жадвалининг юқори тўртлигидан жой олишга муваффақ бўлган.

Ўйинларнинг бешинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми медалларнинг сони 34 тага етган.

Улардан 7 таси олтин, 9 таси кумуш ва қолган 18 таси бронза бўлади.

Бу каби натижани ҳалича Ўзбекистондан бошқа бирор бир Марказий Осиё давлати қайд этмаган.

Ўзбекистон IV Ислом бирдамлик ўйинларида 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этмоқда.

Бокс, дзюдо, таэквондо, эркин, юнон-рум кураши, оғир атлетика, бадиий ва спорт гимнастикаси дохил спортнинг 15 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Боксчилари эса, ўйинларнинг финал босқичига йўлланма учун жангларини бугун - 17 май куни бошлашади.

Бугунги жанглари арафасида уларга ўз тилакларини билдираркан, Руфат ака Рисқиев, "Ҳаммасига омад ёр бўлсин. Ҳаммаси Ўзбекистоннинг шарафини оширсин. Биринчи ўринларни олиб, Ўзбекистоннинг байроғини кўтариб, бошларини баланд қилиб қайтишсин", - дейди.

Руфат ака Рисқиевнинг ўзи Ўзбекистон тарихида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк совриндори бўлган боксчи саналади.

У киши 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги жаҳон чемпионати ғолиби ҳам бўлади.

Руфат ака, бундан ташқари, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпионлигини ҳам қўлга киритган.

Жаҳон бокси афсонаси марҳум Муҳаммад Али билан шахсан кўришиш бахтига муяссар бўлган ўзбекистонлик биринчи ва ягона боксчи ҳам бўлади.

Руфат ака Рисқиев ўтган йил қорасон сабаб, жарроҳлик амалиёти ўтказган, бир оёғининг тиззасидан пасти кесиб ташланган.

Ҳозир у киши Тошкентдаги уйида ва ўз саломатлигини тикламоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002