Шаҳрихон: оддий санитария талаблари инкор этилган

Музқаймоқ Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Андижон ва республика тиббиёт масъуллари маълум қилишларича, Шаҳрихондаги қаҳвахонада музқаймоқдан оммавий заҳарланиш санитария-гигиена қоидаларининг бузилиши оқибатида рўй берган.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳрида истиқомат қилган тадбиркор Шаҳрихонда музқаймоқ савдосини йўлга қўйган бўлган.

Соғликни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, андижонлик тадбиркор ўзининг уйида музқаймоқ учун қоришма тайёрлайдиган цехни ноқонуний ташкил қилган.

"Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида санитария талабларига риоя қилинмаган".

Вазирликка кўра, музқаймоқ қоришмалари озиқ-овқат маҳсулотини ташиш мумкин бўлмаган пластмасса идишларда Шаҳрихондаги қаҳвахонага олиб борилган.

"Музқаймоқ қоришмаси вақтинчалик сақланадиган идишлар, 4 та фризер(музлатиш) ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари ҳамда фризер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмаган", дейилади тиббиёт вазирлиги тарқатган хабарда.

Шунингдек текширишлар жараёнида тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашдаги хавфсизликни кафолатлайдиган ҳужжатлар бўлмагани, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилгани аниқланган.

"Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган", дейилади Соғликни сақлаш вазирлиги хабарида.

15 май кунидан бошлаб Шаҳрихон туманида заҳарланиш аломатлари билан одамлар шифокорларга мурожаат эта бошлаганлар.

Ўзбекистон: 212 кишини заҳарлаган музқаймоқ

Фавқулодда Вазиятлар вазирлигига кўра, 180 нафардан кўпроқ киши касалхонага ётқизилган. Уларда ич кетиши, қайд қилиш каби ҳолатлар кузатилган.

Аксар беморлар шифохоналардаги қисқа муолажа ортидан уйларига жавоб берилган.

Тиббиёт вазирлиги 33 киши шифохоналарда қолаётганини хабар қилди.

Интернет хабарларига кўра, камида 5 кишининг аҳволи ҳамон оғир қолаётгани айтилади.

Ўзбекистон интернет нашрлари расмийларга таянган ҳолда, заҳарланишдан нобуд бўлганлар йўқлигини ёзишмоқда.

Тошкентдан Шаҳрихонга Соғликни сақлаш вазирлиги, Вирусология, Эпидемиология институтлари раҳбарлари ва мутахассислари юборилганлар.

Ҳодиса юзасидан ички ишлар бўлими ҳам суриштирув бошлаган.

Кўпчилик Шаҳрихон туман ва Андижон вилоят санитария-эпидемиология хизматлари масъуллари қаёққа қараган, деган саволни бермоқда.

Аммо санитария талабларига эътиборсизлик фақатгина Шаҳрихондагина кузатилмайди.

"Чунки таомларнинг санитария ва гигиена талабларига жавоб беришини текширадиган идоралар у қадар яхши ишлашмайди", деб айтган андижонлик фаол Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ҳаво ҳарорати қизиб бораётган шу кунларда озиқ-овқат масҳулотларининг тез бузилиши кузатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ