Мирзиёев ва Трамп бир саммитда қатнашадилар

Араб-Исломий-Америка саммити иштирокчилари байроқлари Фото муаллифлик ҳуқуқи riyadhsummit2017.org

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп давлат раҳбарлари сифатида илк бор Саудия Арабистонига борадилар.

Саудия Арабистони пойтахтида 20-21 май кунлари "Араб-Исломий-Америка саммити"ни ўтказиш режалаштирилган.

Саудия расмийлари Ар-Риёддаги анжуманни тарихий анжуман деб таърифламоқдалар.

Хабар қилинишича, икки кун давомида учта олиймақом саммит бўлиб ўтади.

Саудия Арабистони саммитнинг шиорини "Биргаликда биз устун келамиз" деб танлаган.

"Араб-Исломий-Америка саммити"дан кўзланган мақсад, глобал хавфсизлик борасидаги аҳдлашувларни янгилаш ҳамда мавжуд бизнес, маданий ва сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлаш экани хабар қилинмоқда.

"Араб-Исломий-Америка саммит"ида 55 мамлакат раҳбари иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон матбуоти Президент Шавкат Мирзиёевнинг 21 май куни Ар-Риёдга сафар қилиши ҳақида хабар тарқатди.

Президент Мирзиёевнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.

Президент Дональд Трамп ҳам қасамёд қабул қилганидан буён илк хорижий сафарга отланган, у Исроил, Ватикан ва Саудия Арабистонидаги тадбирларда иштирок этади.

Ғарб матбуоти Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг Ар-Риёддаги саммитга Судан Президенти Умар ал-Баширни ҳам таклиф этганига урғу қаратмоқда.

Халқаро Уруш маҳкамаси Умар ал-Баширни геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топган ва уни ҳибсга олишга буйруқ берган.

Судан Президенти Умар ал-Башир ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этади ва 2009-2010 йиллардан буён уни тутиб ҳибс қилишни истаганларга тутқич бермай келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ