Сув омбори Каримов эмас, Мирзиёевнинг ташаббуси

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV
Image caption Мирзиёев сув омборини катерда айланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига сафари чоғида Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудуддаги Сардоба сув омборини бориб кўрган.

Айни сафар муносабати билан давлат матбуоти бундан 7 йил олдин бошланган сув омбори қурилиши ташаббуси ўша вақтда Бош вазир лавозимини эгаллаб турган Шавкат Мирзиёевга тегишли эканини ёзмоқда.

Бунга қадар мамлакатдаги барча катта-кичик иншоотлар қурилиши марҳум президент Ислом Каримов номи билан боғланарди.

Давлат матбуоти Мирзиёе муаллифи бўлган лойиҳанинг бошқа тафсилотларини очиқламаган.

Расмий хабарда айтилишича, гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади.

"Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради".

Мирзиёев сув омборга вертолётда борган ва маҳаллий мулозимлар ҳамроҳлигида уни катерда айланган.

Мулозимлардан бири Мирзиёевни "чўл ўртасида денгиз барпо этгани" учун олқишлаган.

Президентнинг айтишича, у Хитойга сафари чоғида айни сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилиши борасида хитойлик сармоядорларнинг дастагини қўлга киритган.

Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Эски ва янги Мирзиёев

59 ёшли Шавкат Мирзиёев 13 йиллик Бош вазирлик вақтида давлат матбуотининг назаридан четда турган.

Маҳаллий журналистлар собиқ Бош вазирни телевизор экранларида кўрсатмаслик ҳақида махфий буйруқ бўлганини айтишади.

Ўзбекистонликлар илк бор унинг нутқини ўтган йил 8 сентябрида, Сенатнинг ялпи мажлисида Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши ортидан эшитганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Мирзиёев Каримов даврида телекамералар қаршисига чиқмаган.

Ўтган вақт мобайнида Мирзиёев Ўзбекистон телеканаллари ва интернет ўзбек сегментининг асосий қаҳрамонига айланган.

Таҳлилчилар бунга Мирзиёевнинг Каримов давридаги қатор чекловларни олиб ташлагани ва танқидий чиқишлари сабаблигини айтишади.

Айни пайтда уни популизмда айблаётганлар ҳам йўқ эмас.

Танқидчиларга кўра, Мирзиёев раҳбар сифатида ўз мавқеъини ўрнатиш учун "ҳамманинг кўнглини олиш"га ҳаракат қилаётгани кузатилади.

Улар Мирзиёев эълон қилган айрим ислоҳотлар, хусусан, пул-валюта ислоҳоти ва матбуот эркинлигини жорий сиёсий тартиб доирасида тадбиқ этиш мумкинлигини савол остига оладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.