Ўзбекистон яна ўзини кўрсатди, аммо...

Анастасия Сердюкова Фото муаллифлик ҳуқуқи федерация гимнастики узбекистана

Бу гал бокс, дзюдо ёки кураш эмас, гимнастикада ҳам.

Ўзининг илк иштироки эканига қарамай, Ўзбекистон бадиий ва спорт гимнастикаси бўйича бу йилги Ислом бирдамлик ўйинларининг иккита олтини дохил еттита медалини қўлга киритди.

Бадиий гимнастика бўйича умумжамоа ҳисобида мезбон Озарбайжондан кейин иккинчи ўринни эгаллаб, юқори учликка кирди.

Ўзбекистонлик афсонавий спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитина эса, бу гал 41 ёшида Ислом бирдамлик ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиб, каттагина шов-шувларга сабаб бўлди.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Гимнастика Ўзбекистон терма жамоаси IV Ислом бирдамлик ўйинларида оғир атлетика ва дзюдо қаторида энг кўп медаль қозонган учта спорт туридан биттасига айланди.

"Сўзсиз, бу каби ютуқдан бошимиз кўкларга етди. Бу - биз биринчи бор иштирок этган Ислом бирдамлик ўйинлари эди. Шу боис ҳам, ўз-ўзидан, ўйинларда қайд этган бу каби натижамиздан кўнглимиз тўлди", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида терма жамоа мураббийси Севара Каримова.

Бошқа томондан, гимнастика бу йил илк бор Ислом бирдамлик ўйинларининг дастурига киритилгани ҳам улар эришган ютуқнинг аҳамиятини янада урғулаган.

Ўйинларнинг совринли ўринлари учун Ўзбекистондан ташқари яна Озарбайжон, Индонезия, Қирғизистон, Ливан, Сурия ва туркиялик гимнастикачилар ҳам кураш олиб боришган.

Гимнастика бу йил Бокудаги беллашувларни бошлаб берган спорт турларидан бири ҳам бўлганди.

"Биз олдимизга аниқ мақсад қўйган ҳолда бу мусобақага тайёрландик. Рақибларимизни ҳам олдиндан яхши билардик. Албатта, юксак натижаларга умид қилган ва шунга яраша ҳозирлик кўргандик. Ва ана шу умидимиз ўзини оқлади", - дейди Севара Каримова.

У киши ўйинларнинг олтин ва кумуш медаллари соҳибасига айланган номдор гимнастикачи Анастасия Сердюкованинг шахсий мураббийси ҳам бўлади.

"Бу - бадиий гимнастика бўйича бир ойдан кейин бўлиб ўтажак Осиё чемпионати учун ҳам яхши бир синов бўлди. Биз у ерда ҳам худди шу таркибда иштирок этишни кўзлаб турибмиз. Таркиб, балким, бироз ўзгарар, тўртинчи аъзомиз ҳам қўшилар. Аммо ҳали аниқ бир нарса дея олмайман. Лекин ўйинлар, барибир, қитъа биринчилиги олдидан биз учун яхши назорат машғулоти бўлди".

Мураббий суҳбатдошимизнинг айтишича, бу каби ютуққа эришишларида энг аввало ўзларига яратиб берилган шарт-шароитлар катта аҳамият касб этган.

"Биз Тошкентда балки фақат Озарбайжон ва Россия беллашиши мумкин бўлган ажойиб залларга эгамиз... Олган медалларимиз, бир маънода, худди шунинг инъикоси, десак ҳам бўлади", - дейди у киши.

Суҳбатдошимизга кўра, 14 май куни мусобақаларини якунлаб, пойтахт Тошкентга қайтишган ва аллақачон яна саноқли кунлардан кейин Испанияда старт олажак бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогининг навбатдаги босқич мусобақаларига тайёргарликларни бошлаб юборишган.

Тошкент ва Ўзбекистон

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги Осиё Ўйинларининг ғолиби, амалдаги Осиё чемпиони саналишади.

Агар, ўзининг ўтган йилги хабарига таянилса, Оксана Чусовитина Гиннес рекордлари китобига киролган биринчи ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси бўлади.

Ҳали дунёда бирор бир спорт гимнастикачиси халқаро беллашувларда бу қадар узоқ иштирок этмаган ва бу ёшда жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бормаган.

Ҳозир 41 ёшда бўлган Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикаси тарихида бу каби натижа қайд этолган ягона аёл спортчи бўлади.

Ўтган йилда Бразилиянинг Риосида бўлиб ўтгани ўзбекистонлик бу номдор гимнастикачи ўз карьераси давомида кетма-кет еттинчи бор иштирок этган Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганди.

Бу йилги Ислом бирдамлик ўйинларида Ислом Бирдамлик Спорт Федерацияси таркибига кирувчи барча 57 давлатдан бўлган уч мингдан ортиқ спортчи медаллар учун кураш олиб боришмоқда.

Ўйинлар 12 май куни Озарбайжон пойтахти Бокуда катта тантаналар билан очилган ва 22 май куни ўзининг поёнига етади.

IV Ислом бирдамлик ўйинларининг саккизинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми медалларнинг сони 54 тага етган.

Терма жамоа ўзининг бу натижаси билан медаллар жадвалида Туркия, Озарбайжон ва Эрондан кейин юқори тўртликдан жой олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.