Қўшимча қўшин Ўзбекистон учун нимани англатади?

Оқсарой Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Америка Афғонистондаги ҳарбийлари сонини бир неча мингтага ошириш масаласини кўриб чиқаркан, расмий Кобул аллақачон бунга рози эканини баён қилган.

Бу ҳақда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Американинг "Time" ҳафталик журналига берган суҳбатида билдирган.

Афғон раҳбарига кўра, мамлакатига 3 мингдан 5 мингтагача қўшимча Америка ҳарбийсининг сафарбар этилишига ҳеч бир қаршилиги йўқ.

Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг айтишича, мамлакати хавфсизлик кучларининг бир бўлинма миқёсида берилувчи маслаҳат ва қўшимча дастакка эҳтиёжи бор.

Президент Ғанийга кўра, Афғонистонда барқарорликни қарор топтириш мумкин ва бунинг учун шунча сондаги қўшимча хорижий аскар етади.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан кечган бор-йўғи бир неча йилнинг ўзида бутун Афғонистон бўйлаб вазият жиддий издан чиқиб бўлган.

Аммо, сиёсий таҳлилчиларга кўра, Америка янги режаси ижросига киришадиган бўлса, бундан энг аввало сиёсий ва геосиёсий хулоса чиқариш тўғри бўлади.

Бунинг ҳарбий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистондаги мавжуд вазиятни жиддий ўзгартиришини кутиш эса, улар наздларида, ноўрин бўлади.

"Парвариш"

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "бу - Америка Қўшма Штатлари Афғонистондан чиқиб кетиш сиёсатини эмас, аксинча, ўзининг иштирокини парваришлаш сиёсатига юз бурмоқда, деган маънони беради".

"Яъни бу - сиёсий, геосиёсий бурилишни англатади".

"Афғонистонда ҳосил бўлаётган вакуум - бўшлиқни қайтадан айнан Американинг ўзи тўлдиришини билдиради".

Бу каби хабарлар эса, Американинг Россия Афғонистонда "фаоллашиш", Толибон билан "яқинлашиш" ва уларга "қурол-яроғ етказиб бериш" ҳаракатида эканига оид устма-уст иддаолари манзарасида кузатилмоқда.

Айни мазмундаги даъволарни изчил равишда рад этиб келаётган Москва эса, фақат "ИШИДга қарши кураш ва АҚШга нисбатан қарашларида Толибон билан якдил эканликлари"ни баён қилиб келади.

Аммо минтақа ва Афғонистондаги ўз манфаат ҳамда мақсадларини кўзда тутиб, бу икковлон Американинг афғон тупроғидаги ҳозирлиги якун топишини исташади.

Сўнгги янгиликни эса, расмий Кобул томонидан "Россия Федерацияси, Кремль ва Путинга "бу ердаги бўшлиқни сизлар ҳисобингиздан тўлдириш ниятида эмасмиз ва биз қайтадан Америка билан муносабатларимизни тиклаймиз, деган мазмунда берилган бир сигнал дейишимиз мумкин", - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Шу нуқтаи назардан, расмий Москвада, Кремлда безовталик, хавотир кучаяди... Демак, толиблар билан ҳамкорлигини, менимча, албатта парваришлайди. Толиблар орқали Ғарбга босим қилиш, Американи Афғонистондан сиқиб чиқариш стратегиясидан воз кечмайди. Яъни, бу стратегия кучайса кучаядики, ундан воз кечилмайди".

Суҳбатдошимиз наздида, буларнинг барчаси "Марказий Осиё тақдири учун хавотир нуқтаси бўлиб қолаверади, аммо таҳдид нуқтаси эмас".

"Ўйлайманки, вазият издан чиқиб кетмайди, албатта", - дейди таҳлилчи суҳбатимиз якунида.

"Ўзбекистон ўзининг ҳамкорлигини кўпроқ Ғарб, НАТО ва расмий Кобул томонида сақлаб қолаверади".

Ўзбекистон, Афғонистон ва Америка

Таҳлилчиларга кўра, Америка Қўшма Штатлари мулозимларининг сўнгги пайтларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга қилаётган кетма-кет ташрифларининг асосий мақсади ҳам Афғонистон борасида ҳарбий, сиёсий, геосиёсий мулоқот ва якдилликка эришишдир.

Расмий Тошкент эса, шу пайтгача Афғонистон масаласида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирувчи ишларни қилишлари, бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва доимо икки томонлама муносабатда бўлишларини таъкидлаб келган.

Аммо яқинда Ўзбекистон дохил барча Марказий Осиё давлатлари вакиллари илк бор Россия бошчилиги остидаги афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилга музокараларнинг учинчи босқичида ҳам иштирок этишган.

Оммавий сафарбарлик ортидан, жорий пайтда Афғонистонда қолган 10 мингдан ортиқ хорижий аскарларнинг аксариятини эса, Америка ҳарбийлари ташкил этишади.

Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари ҳозир Афғонистонда ўнга яқин ҳарбий базага ҳам эгалик қилади.

2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишга муваффақ бўлишганига қарамай, АҚШ ва Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари ҳозирга қадар афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик йўлда якуний ечим топишнинг уддасидан чиқишган.

Россиянинг Афғонистонда "фаоллашиш" ҳаракатида эканига оид иддаолар ва афғон тупроғидаги ҳарбийлари сонини кескин оширишга оид юқори мартабали АҚШ ҳарбийларининг сўнгги пайтларда устма-уст янграётган даъватларига Ўзбекистон дохил бирор бир Марказий Осиё давлати ҳалича расман ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.