"Ўзбекгидроэнерго" мақсади электр таъминотини яхшилаш

Тўғон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Янги ГЭСлар қуриш, мавжудларини таъмирлаш "Ўзбекгидроэнерго"нинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекэнерго" таркибидаги ГЭСларни, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги дарёларни бир ташкилотга бирлаштирган.

Бундан кўзланган мақсад, мамлакатдаги сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш экани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистондаги янги тизимга "Ўзбекгидроэнерго" акционерлик жамияти деб ном берилган.

Шу вақтгача "Ўзбекэнерго" ширкати қўл остида бўлган ГЭСлар, гидротехник ва бошқа гидроэнергетика билан боғлиқ бўлинмалар ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг "Ўзсувэнерго" бирлашмаси остидаги тизимлар бундан кейин "Ўзбекгидроэнерго"га бўйсунади.

Янги ГЭСлар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, бу соҳага хорижий сармояларни жалб қилиш "Ўзбекгидроэнерго"нинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

Май ойининг бошида Президент Мирзиёев 2017 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистон гидроэнергетикасини янада ривожлантириш чораларига бағишланган қарорни имзолади.

Бу қарорда кейинги тўрт йил давомида мамлакатдаги ишлаб турган 32 ГЭСни янгилаш ва яна янги 42 та гидроэлектр станциясини барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон бундан кейин қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириб бориш сиёсатини кучайтириши зарурлиги таъкидланган.

17 май куни Президент Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборига борган.

2010 йили Мирзиёев ташаббуси билан барпо этиш бошланган сув омборида 922 миллион куб метр сув тўпланиши, яқинда Хитойга сафар пайти бу ерда қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанцияни қуриш бўйича хитойлик сармоядорлар билан келишилгани хабар қилинди.

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг тобора кўп ҳудудларида электр таъминоти билан боғлиқ вазият ёмонлашди.

Бунинг асосий сабабларидан бири мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бирорта ҳам янги ГЭС қурилмагани, эскиларининг эса таъмирга муҳтож бўлиб қолганидир.

Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистондаги электр энергияси ишлаб чиқарадиган станцияларнинг ёши 40-50 йилни ташкил этишини ва бу станциялар мустақиллик йилларида жиддий таъмирланмаганини айтади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, жумладан, шундай деганди:

"...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда".

"Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда".

Ўзбекистоннинг табиий газ, кўмир ёки мазутни ёқиб электр ишлаб чиқарадиган 10 та Иссиқлик Электр станцияси ва 32 та ГЭСи бор.

Ўзбекистоннинг электрга бўлган эҳтиёжи 55 миллиард кВт/соатни ташкил этади.

Бунинг қарийб 6 миллиарди ГЭСлардан, қарийб 50 миллиарди иссиқлик электр станцияларидан олинаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ