ИШИД Манчестер ҳужуми учун масъулиятни бўйнига олди

Манчестер Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ Манчестердаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан.

ИШИДнинг баёноти Amaq ахборот ресурсида эълон қилинган.

ИШИД баёнотида "халифалик аскарларидан бири оломон орасига бомба жойлаштирилгани" айтилган.

Бундан олдин Британия Бош вазири Тереза Мэй худкуш ҳужумчининг шахси полицияга маълум бўлгани ҳақида айтган.

Кечга яқин Манчестер полицияси "Манчестер Арена"даги портлашни содир этганликда Салман Абидий гумон этилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

"Биз 22 ёшли Салман Абидийни гумон қилаяпмиз", деб айтган шаҳар полицияси раҳбари Иан Хопкинс.

Полицияга кўра, гумонланаётган шахс шу шаҳарда туғилиб катта бўлган, унинг ота-онаси ливиялик бўлишган.

Манчестер шаҳридаги "Манчестер Арена" томошагоҳидаги портлашга алоқадор деб кўрилиб 23 ёшли бир эркак ҳибсга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mark Worswick

'Жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ'

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси вакилининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида билдиришича, Манчестердаги ҳужумда қурбон бўлган ва ёки яраланганлар орасида бирор бир фуқаролари йўқ.

Ҳужум душанба куни кечқурун маҳаллий вақт билан кечки соат 22:35 да юз берган.

Шаҳардаги "Манчестер-арена" ҳужум саҳнасига айланган.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Портлаш америкалик поп юлдузи Ариана Гранде концерти тугаши биланоқ амалга оширилган.

"Манчестер-арена" сиғими бўйича Буюк Британиядаги энг йирик ёпиқ иншоот ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, арена жаъми 21.000 томошабинга мўлжалланган.

Аммо концерт тугаган пайтда унда неча кишининг ҳозир бўлгани аниқ эмас.

Энг сўнгги расмий рақамларга таянилса, ҳужумда 22 киши қурбон бўлган. Уларнинг орасида болалар ҳам бор.

Яраланганларнинг сони эса, шу соатларда 59 нафар экани айтилмоқда.

Аммо шу пайтгача на-да қурбонлар ва на-да жароҳатланганларнинг шахслари очиқланган.

Қурбонлар ва яраланганлар

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Манчестердаги ҳужумда бирор бир фуқаролари жабр кўрмаганлигини айтиб чиққан.

Вазирликка кўра, Ариана Гранде концертида олти нафар талабалари ҳозир бўлган.

Аммо ўзларига имконли бўлган маълумотларга кўра, уларнинг барчаси соғ-омон турар-манзилларига етиб олишган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, ўз ўрнида, фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақиришни ҳам унутмаган.

Манчестердаги портлашда қурбон бўлганлар оилалари ва яқинларига ҳам ўз таъзияларини изҳор этиб қолган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса, юз берган ҳужум юзасидан британ Бош вазири Тереза Мэйга ҳамдардлик телеграммасини йўллаган биринчи Марказий Осиё давлат раҳбари бўлган.

Шу соатларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Британия ва унинг Бош вазирига ўз ҳамдардлигини билдирганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Ўзбекистон раҳбари, "қурбонлар яқинларига ўзининг самимий ҳамдардлик сўзлари ва дастагини етказиш"ни сўраган.

Ҳужумда "яраланганлар барчасининг тезда соғайиб кетишлари"ни тилаб қолган.

Тожикистон ва Қирғизистон вакилларининг Би-би-сига билдиришларича, Манчестердаги ҳужумда жабр кўрган фуқаролари бор-йўқлиги борасида шу соатларда аниқ маълумотга эга эмаслар. Уларга кўра, ҳали бу масалани ўрганишмоқда.

Ҳозир ишлаш, яшаш ва таҳсил олиш илинжида Буюк Британияда бўлган Марказий осиёликларнинг сони минглаб экани тахмин этилади.

Манчестер эса, Англиянинг энг йирик шимолий-ғарбий шаҳарларидан бири саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар