Россия: 'Ҳалол' меҳмонхоналарга эҳтиёж қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Наталья отаси асли қирғизистонлик ўзбеклардан экани ва бу оилавий бизнес эканини айтади

Ҳалол ошхона, ҳалол меҳмонхона ва ё ҳалол саёҳат каби сўзлар бугун Россия учун ҳам янгилик эмас.

Пойтахт Москва дохил қатор шаҳарларда ҳалол таомларни ҳеч қийналмай топасиз.

"Ҳалол" ёрлиғини олган меҳмонхоналар эса Россияда сон-саноқсиз бўлмаса-да, муайян шаҳарларда мижозларга эшик очган.

Санкт-Петербургда мусулмонлар учун шарт-шароитлар яратилган "Ипак йўли" меҳмонхонаси иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ.

Меҳмонхона хўжайини Наталья Рудакова-Аюповага кўра, бошида ният шарқона услубдаги бир меҳмонхона барпо қилиш бўлган.

Наталья Рудакова-Аюпова билан суҳбатни BBCUZBEK нинг YouTube каналида томоша қилинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Бошида ният шарқона услубда меҳмонхона барпо қилиш бўлган

"Шу боис барча хоналаримиз шарқона услубда жиҳозланган. Жараёнда мусулмонлар учун ҳам шароит яратайлик деган ғоя келди".

"Аввал ётоқларни тўғри жойлаштириб чиқдик. Ҳар бир хонада Маккаи Мукаррамани кўрсатувчи белги бор. Таҳорат олиш учун шароитлар яратганмиз. Қабулхонадан ҳар бир меҳмон жойнамоз ва Қуръони Карим сўраб олиши мумкин", дейди меҳмонхона хўжайини Наталья Рудакова-Аюпова.

Аммо, унга кўра, ҳали Санкт-Петербург каби шаҳарларда "ҳалол" меҳмонхоналар у қадар оммабоп эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption 'Ҳалол меҳмонхоналар Россиянинг мусулмонлар кўп яшовчи минтақаларида оммабоп'

"Тўғри, биз Петербургдаги илк ҳалол меҳмонхонамиз. Аммо бу ер фақат мусулмонлар учун деган даъводан узоқмиз. Барча диндаги меҳмонларга бирдек хизмат кўрсатамиз. Ҳақиқатни олганда, меҳмонларимиз орасида ҳали мусулмонлар деярли йўқ. Ҳалол меҳмонхоналар Россиянинг мусулмонлар кўп яшовчи минтақаларида оммабоп. Масалан, Қозонда бу бизнес анчайин муваффақиятли", дейди у.

Айни пайтда, Натальянинг айтишича, рублнинг доллар ва еврога нисбатан қиймати тушиб кетиши сайёҳлик бизнесига салбий таъсир кўрсатди деб бўлмайди.

"Аксинча, Европа ва бошқа мамлакатлардан келаётган сайёҳлар сони кўпайди. Айниқса, маданий пойтахт саналадиган Санкт Петербургга қизиқиш ортган. Шаҳардаги меҳмонхоналар сони эса, у қадар кўп эмас".

Ўзбекларсиз "ўзбек ресторани"

Мусулмон меҳмонлар эса кунлик "ҳалол" луқма қидириб кўча оралашларига ҳам ҳожат йўқ. Меҳмонхона ёнида "Наврўз" деб номланган ҳалол ошхона ҳам хизмат кўрсатади.

"Бизнинг ресторанимиз шаҳардаги энг эски ўзбек ресторани бўлса керак. Уни илк бор биз очганмиз, 2003 йил эди. Шаҳарда кейин яна 1-2 та ўзбекча ошхона пайдо бўлди. Ҳозир уларнинг сони кўп ва рақобат ҳам кучли..."

Аммо меҳмонхона ҳозирча мусулмонлар билан тўлиб тошмаганидек, ресторанда ҳам улар кўп эмас.

"Меҳмонларимиз асосан руслар... Ўзбеклар деярли йўқ. Биласиз, шаҳардаги ўзбекларнинг аксари меҳнат муҳожирлари ва улар ресторанларга киришмайди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Доимий меҳмонлар кўнглини эса фақат "ҳалол" ёрлиғи бор маҳсулотлар билан овлаб бўлмайди...

Гулсевар Замон лавҳасини BBCUZBEK нинг YouTube каналида томоша қилинг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар