"Тошкент одам эмас, машинага қулай шаҳар"

Тошкент шаҳри кўчаси Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг таклифига биноан Ўзбекистон пойтахтининг меъморий қурилиши билан танишиш учун борган дунёга машҳур архитектор Ян Гейл, Тошкент инсонларнинг эмас, автомобилларнинг қулайлиги учун биринчи ўринга қўйилган шаҳар, деган хулосага келган.

Май ойининг ўртасида Тошкентга борган даниялик меъмор шаҳар билан яқиндан танишиш, сўнг ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишга ваъда берган эди.

Дунёнинг қатор пойтахтларидаги аҳволни ўзгартиргани билан машҳур бўлган Ян Гейл Тошкентга борганиданоқ шаҳарда асфалт кўплигини илғагани ҳақида айтганди.

У боғ-роғлар, ўт-ўланли ва гулли хиёбонлар ва паркларни пойтахтда кўпайтириш лозим деб ҳисоблайди.

Дунёга машҳур меъмор айтишича, Тошкент одамларни эмас, автомобилларни яхши кўрадиган шаҳарга айланган.

Шаҳар автомобилни яхши кўрса, автомобилнинг сони кўпаяди, деб айтган Ян Гейл.

Бунинг олдини олиш учун шаҳарни инсонлар ҳақида кўпроқ қайғурадиган шаҳарга айлантириш лозим, акс ҳолда ҳаво ифлосланиб Тошкент худди Хитой пойтахти Пекинга ўхшаб қолишидан огоҳлантирган Ян Гейл.

У Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзини аҳволни яхшилаш учун таклиф этганини ижобий баҳолаган.

Ян Гейлнинг SFI Management ширкати Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтни янада яшиллаштириш таклифларини тақдим этиши хабар қилинган.

Охирги йилларда Тошкент кўчаларида автомобилларнинг сони кескин ортди.

Автомобил "пробка"ларининг сонини камайтириш мақсадида кўчалар кенгайтирилмоқда, янги йўллар солиняпти, янги кўприк ва путепроводлар қурилди ва барпо этилмоқда, Тошкент Кичик Халқа йўли ишга туширилди.

Шундай бўлса ҳам пойтахтнинг тобора кўпайиб бораётган машиналар оқимига дош бериши қийинлашиб бормоқда.

Автомобил "пробка"ларини камайтириш учун бу йўналишда етарли тажриба орттирган дунёнинг йирик шаҳарлари раҳбарлари қандай йўл тутганларига ўрганишга тўғри келяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ