"Спектакль суд"да ҳакам ўзгарди

Кишанбанд қўл Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Бошланганидан буён Ўзбекистон қонунлари бузилаётгани билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан "спектакль суд" деб аталган Тошкентдаги жараёнда кутилмаганда суд ҳаками ўзгартирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.

Ташаббус гуруҳига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар маҳкамасида феврал ойидан бери бораётган судда судья Азим Худойберганов жараёндан четлаштирилган.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, ҳакам Азим Худойберганов диний айбловлар қўйилган 12 шахс устидан бораётган судда Ўзбекистон Жиноят-Процессуал кодекси талабларини бузган, суд терговини номуносиб ташкиллаштирган.

Бундан олдин айбланаётган шахсларга сўнгги сўз берилган, улардан 11 нафари ўзларининг дастлабки тергов давомида қийноқларга солинганларини ҳикоя қилиб берган эдилар.

23 май куни суд мажлиси судья Ирода Муҳамедова раислигида бошланган.

Жараённинг янги ҳаками суд терговини бошидан бошлаган.

"Бу жиноят иши кўрилишида юз берган илк ҳодиса", дея таъкидлайди Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи.

Маҳкамада адвокат айбланувчилардан бири Азимжон Уруновни озод этишни сўраган.

Жараёнда танаффус эълон қилиниб, сўнг Азимжон Уруновни озод қилиш ҳақида қарор ўқиб эшиттирилган.

12 айбланувчига Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, "Ҳизбут-Таҳрир" ноқонуний диний ташкилотига аъзолик, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш сингари диний-сиёсий айбловлар илгари сурилган.

Айбланаётганларнинг қамоққа олиниши, дастлабки тергови ва суд жараёнларини кузатаётган норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатишича, сохта жиноят иши Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари томонидан 2016 йилнинг августида қўзғатилган.

Октябрь ойида эса тергов учун Миллий Хавфсизлик хизмати республика идорасига ўтказилган.

Суд шу йилнинг февралида бошланган.

Маҳкамадаги сўнгги сўзларида айбланувчилар ўзларининг "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзоликларини, жиноят иши бўйича ўзларига қўйилган бошқа айбловларни инкор этганлар.

Ҳунарманд усталар, синфдош ва курсдошлардан иборат гуруҳнинг ягона "айби" - «пул йиғиб "гап ўйнаганлари" эканини айтганлар.

"Гап" Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида дўстлар, ҳаммаслаклар, ҳамкасблар муайян вақтда йиғилиб зиёфат ва бошқа кўнгилочар тадбирлар уюштириб, жамоавий ҳордиқ чиқариш шаклидир.

Тошкентда суди бўлаётган инсонлар ҳам 20-22 кишидан иборат "гап"ни анча йиллардан буён ташкил қилиб келганлар.

Ораларида ҳунармандлари ҳам бўлган инсонлар ҳар ойда 500 минг сўмдан "чёрная касса" ўзаро молиявий ёрдамини ташкил қилганлар.

Тўпланган маблағ тўй тайёргарлиги ёки ногирон болалар даволаниши сингари "Гап"нинг ўта муҳтож иштирокчисига берилган.

12 айбланувчидан бири Ҳусниддин Иноғомовнинг онаси Шоҳида Иноғомованинг айтишича, ногирон невараси учун эшитиш аппарати ана шу "чёрная касса" маблағидан харид қилинган.

Суддаги кўрсатмалари пайти айбланувчилар қийноқлар остида айбларни ўз бўйниларига олишга мажбур бўлганларини айтганлар.

"Диний" маҳкамалар ва қийноқлар давом этмоқда"

1 киши сўнгги сўзини айтмаган, бу одам Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тахминича, МХХ провокатори бўлган.

Ташаббус гуруҳи Тошкентдаги маҳкамани "спектакль суд" деб атаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ