Ўзбекистон Сеулдан 10 кишини ҳибсга олишни сўраган

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Жанубий Корея расмийларидан террорчиликда гумон қилинган 10 кишини ҳибсга олишни сўраган.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабарида айтилишича, "террорчи ташкилот аъзолари" экани айтилган 10 нафар ўзбекистонликни ҳибсга олиш ҳақидаги сўров Сеулга ўтган йил октябрида йўлланган.

Агентликнинг Жанубий Корея полициясидан иқтибос келтиришича, ҳибсга олиш сўровига доир расмий ҳужжатлар Ж.Корея Адлия вазирлигига юборилган.

Ўзбек томони гумондорларни ватанларига қайтаришни сўраган.

Англашилишича, Жанубий Корея томони Ўзбекистон фуқароларига нисбатан дарҳол текширувларни бошлаган.

Аммо текширувлар жараёнида уларнинг бирон-бир террорчи гуруҳга алоқадорлиги ё-да террорчи ташкилотга молиявий кўмак бергани тасдиқланмаган.

Жанубий Корея полициясига кўра, гумондор ўзбекларнинг маҳаллий фабрикаларда ноқонуний ишлаб юрганликлари аниқланган.

Шундан сўнг улар ё мамлакатдан чиқариб юборилган ёки ўз ихтиёрлари билан Жанубий Кореяни тарк этганлар.

Уларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистонда хорижга ишлаш учун кетган фуқароларни қидирувга бериш тажрибаси кенг тарқалган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, кўпинча уларга қарши экстремизм айбловлари уйдирилади.

Ўзбек махсус хизматлари Россияда ишлаб юрган ўнлаб муҳожирларни ўғирлаб кетгани ҳужжатлаштирилган.

Қатор ҳолатларда бедарак кетган муҳожирларнинг кейинроқ ўзбек ҳибсхонасидан топилгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02