Ўзбекистонда президент ваколатларига ўзгартириш киритилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси Сенат 27 май куни ўтадиган ялпи мажлисида мамлакат Конституциясига ўзгартишларни муҳокама қилади.

Podrobno.uz нашрининг Сенат матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ўзгартишлар Конституциянинг президент ваколатларини белгиловчи 93-моддасига ҳам тааллуқли.

Ялпи мажлис кун тартибига киритилган "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонун тафсилотлари маълум эмас.

Жумладан, айнан қандай ўзгартишлар ҳақида сўз бораётганига аниқлик киритилмаган.

Охирги марта Сенат жорий йилнинг апрелида асосий қонуннинг айрим моддаларига ўзгартишларни маъқуллаганди.

Марҳум президент Ислом Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида парламентнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қатор ўзгаришлар амалга оширилган, жумладан, президент ва ижро ҳокимиятининг айрим ваколатлари Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси ҳамда Сенатга берилганди.

"Конституциявий ислоҳотлар" дая тақдим этилган бу ўзгаришлар амалда Ўзбекистондаги яккаҳокимлик бошқарувига таъсир кўрсатмаган.

Айрим фаразларга кўра, кутилаётган ўзгаришлар Президент ҳокимиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002