Мирзиёев Афғонистон бўйича махсус вакил тайинлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, айни лавозимга тайинланган Исматилла Иргашев бунгача Ўзбекистоннинг Хитой, Монголия ва Озарбайжондаги элчиси лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон сўнгги пайтларда жанубий қўшниси билан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш сари қадамларни қўйган.

Шу йил январида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳайъат охирги йиллар бадалида илк бор Кобулга сафар қилган.

Ўтган ҳафта Туркманистонга сафар қилган Президент Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондан ўтадиган газ қувури лойиҳаси - ТАПИ (Туркманистон-Афғонистон- Покистон-Ҳиндистон) да иштирок этиш имкониятларини ўрганиб чиқаётганини айтган.

Марҳум Ислом Каримов даврида расмий Тошкент Афғонистон билан муносабатларда асосан хавфсизлик масалаларига урғу бериб келган.

Айни пайтда Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош шимолий минтақаларида хавфсизлик вазиятининг ёмонлашгани кузатилади.

Ушбу ҳудудларда афғон ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган толиблар сафларида ҳам, уларга мухолифатда бўлган ИШИД жангарилари орасида ҳам ўзбекистонликлар борлиги маълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02