Россияда алданиб қолаётган ўзбек қизлар кўпаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Konstantin Salomatin/eurasianet
Image caption Эндигина вояга етган қизлар ота-онанинг назорати ва ҳимоясидан йироқда жинсий эксплуатация қурбонига айланмоқдалар.

Яқин йилларгача турмушга чиқмаган қизлар Россияга ишлаш учун келиши ҳоллари деярли кузатилмас эди. Сўнгги пайтларда ёш қизларнинг пул топиш мақсадида Россияга келиши меҳнат муҳожирлари орасида номусга тегиш, зўравонлик, фирибгарлик каби жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Навоийлик Шаҳноза 18 ёшида онаси билан Санкт-Петербургга ишлашга келган. Ўзининг айтишича, онаси соғлиги ёмонлашиши ортидан Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлган.

Шаҳноза эса ишсиз қолган вақтида "Одноклассники"да танишган юртдошидан иш ва яшаб туришга жой сўраган. Унга беғараз ёрдам беришни ваъда қилган йигит уйига келгач, жинсий зўрланган.

"Тўй қиламан, сенга уйланаман, деди. Унга ишондим. Бирга яшаб ҳомиладор ҳам бўлдим. Болани тушириш учун ҳар хил дориларни мажбурлаб ичирарди. У менга ҳиёнат қиларди, уриб дўппосларди. Ўғлим туғилганидан кейин боламни олиб қўйиб ўзимни ҳайдаб юборди", - дейди у.

Шаҳноза фарзандини олиб Ўзбекистонга қайтиш ниятида, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаяпти.

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар орасида эркаклар сони аёлларга нисбатан уч баробар кўп. Меҳнат муҳожирларининг ўртача ёши 18дан 45 ёшгачани ташкил этади.

Ишлашга келган эркакларнинг катта қисми бўйдоқ ва оиласини ватанда қолдириб келганлар ташкил қилса, аёлларнинг кўпчилигининг эри йўқ, ва кўпчилиги фарзандларини ёлғиз катта қилаётган хотин-қизлардир.

Улардаги жинсий эҳтиёж тартибсиз ҳаётни тобора кучайтирмоқда.

Энди вояга етган қизлар эса ота-онанинг назорати ва ҳимоясидан йироқда жинсий эксплуатация қурбонига айланмоқдалар. Водийлик Саодат ҳам шундай қизлардан бири.

"Москвага келганимда 17 ёшда эдим. Онам савдогарлик қиладилар, ўтган йили катта қарз бўлиб қолдилар. Қарзни тўлашга қарашишим учун мени ҳамқишлоқ дугоналари билан бирга юбордилар. Аямнинг дугонаси озарбайжонлик киши билан "юрар" экан, шу кишининг дўконига фаррош қилиб ишга жойлаштирди", - дейди у.

Айтишича, дўконнинг озарий эгаси Саодатни ишга ёллаши биланоқ унга тегажоқлик қила бошлаган. Саодат эса онаси учун керак бўлган пулни ишлаб топиш учун чидаган.

"Бировга айтсанг, ишдан ҳайдаб юбораман, деди. Аям мендан пул кутардилар. Шунинг учун ҳеч кимга чурқ этмадим. Бир куни дўкондор мени зўрлади. Қўрқитгани, ишдан айрилсам қарзимизни тўлолмай қолишимизни ўйлаб ҳеч кимга оғиз очмадим."

Саодатнинг айтишича, у юборган пуллар кетидан тўрт ой олдин онаси қарздан тўла қутилган. Аммо қизнинг уйга қайтгиси йўқ.

"Бадном бўлганман. Энди мени ким олади у ерда?" - дейди у.

Муҳожир хотин-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари, ҳимоясизлик ва қўрқув сабаб кўплаб жиноятлар ёпиқлигича қолиб кетаяпти. Айниқса, аёлларни иш таклифи билан алдаб чақириб зўрлаш ҳоллари тобора кўпайиб бормоқда.

Шаҳнозанинг ҳикоясини тинглаш учун мана бу ерга босинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар