Комилов валюта бозорини либераллаштиришни таклиф қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Комилов ўзи раҳбари бўлган вазирлик фаолияти қониқарсиз эканини тан олган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 27 май куни Сенатнинг ялпи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон хорижий сармояларни жалб этишда орқада қолаётганини тан олган.

Комиловга кўра, сармоялар оқимини тўхтатиб турган биринчи сабаб конвертациядир.

У шунингдек, банк-кредит тизимининг такомиллашмагани ва сармоядорларнинг ҳуқуқлари яхши ҳимояланмаганини эътироф этган.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 7 нафар юқори мартабали дипломатлари "фаолиятсизлиги ва сусткашлиги" учун лавозимларидан бўшатилган.

Аммо Комилов ишдан бўшатилган элчиларнинг номлари ёки қайси давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарга раҳбарлик қилгани ҳақида маълумот бермаган.

Комиловнинг сўзларига кўра, элчилар "раҳбарият топшириқлари ижросига нисбатан фаолиятсизлиги ва сусткашлиги учун" вазифасидан озод этилган.

Шунингдек, жорий йил бошидан буён "хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлиги учун вазирнинг уч нафар ўринбосари ва икки нафар бошқарма бошлиғи вазир буйруғи билан қатъий ҳайфсан олган".

У Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг фаолиятини қониқарсиз, деб баҳолаган.

Комилов асосий камчиликлар қаторида "чет эл сармояларини жалб этиш ҳамда ташқи бозорларга экспорт ҳажмларини ошириш бўйича тўғридан-тўғри вазифаларининг бажарилиши юзасидан ходимларга нисбатан талабчанликнинг йўқолгани"ни тилга олган.

Унга кўра, бизнес доиралари билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ишлар "қониқарсиз".

Абдулазиз Комилов шунингдек, "сармоялар жалб этиш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар ўртасидаги вазифаларда аниқ ва қатъий тақсимот мавжуд эмас"лигини айтган.

Вазирнинг сўзларига кўра, "кўпгина ташаббуслар мамлакатимиз учун яққол фойдали эканлиги кўриниб турган бўлишига қарамасдан, улар лозим даражада қўллаб-қувватланмайди".

"Одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан, хорижлик шерикларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаслик мумкин эмас, ҳатто уларнинг таклифлари бизда қизиқиш уйғотмаса ҳам", - деб айтган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Комилов валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштириш, шунингдек, иқтисодий маълумотлар, жумладан, давлат бюджети ва пул-кредит сиёсати соҳасида шаффофликни йўлга қўйишни таклиф қилган.

Асосий муаммо-конвертация

Комиловнинг шанба куни Сенатда қилган нутқи унинг Ташқи ишлар вазирлиги тарихида парламентда берган биринчи ҳисоботи бўлган.

Шунингдек, нутқ Ўзбекистон тарихида у ёки бу вазирлик фаолиятининг энг танқидий таҳлили ҳам дейиш мумкин.

Комилов "улкан сармоявий салоҳиятга эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон ўз иқтисодиётига хорижий маблағларни жалб этиш борасида кўплаб давлатлардан орқада қолаётганини" эътироф этган.

Унинг маълум қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва нуфузли молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказган.

Сўровнома натижаларидан маълум бўлишича, хорижий бизнес доиралари Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган биринчи омил валюта конвертацияси эканини айтишган.

Шунингдек, "банк-кредит тизимининг такомиллашмаганлиги, сармоядорлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси ва етарли даражада самарали бўлмаган суд тизими;маъмурий-бюрократик тўсиқлар" тилга олинган.

Комилов "кўплаб хорижий компаниялар ўз фаолиятини амалга ошириш учун литсензия ва рухсат олиш тартиб-қоидаларидан норози" экани ва "паст инвестиция рейтинги" ни ҳам тилга олган.

Ваҳоланки, бунга қадар Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда хорижий сармоядорлар учун қулай шароитлар яратилгани ва уларнинг ҳуқуқлари яхши ҳимояланганини айтиб келган.

Аввалроқ Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев иқтисодий ислоҳотларни кечиктирмасликка чақирганди.

Сафоев ислоҳотлар оғриқли бўлиши, аммо уларни "умуман амалга оширмаслик янада кўпроқ зиён келтириши"ни айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02