Замонавий қуллар - ўқитувчилар муаммосини ким ҳал қилади?

Пахтакор туманидаги ўқитувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Qo'rqmaslar
Image caption Пахтакор туманидаги ўқитувчилар

Баҳор келиши билан вилоятлардаги ўқитувчилар, мактабгача таълим муассаси ходимлари ҳамда тиббиёт ходимлари яна оммавий равишда далага ҳайдалган. Халқ дардини тинглашга ваъда берган янги Президент ўқитувчиларнинг умидини пучга чиқараётган кўринади.

Ўзбекистондаги "Қўрқмаслар" гуруҳи яқин кунларда Жиззах вилоятига бориб далаларда ўқитувчи ва шифокорларнинг пахта чопиғига мажбурланаётгани борасида мониторинг ўтказди.

Ўқитувчиларнинг Би-би-сига айтишича, дала ишлари учун фермер уларга бир тийин ҳам тўламайди. Ўқитувчилар дардини эса ҳеч ким эшитиб, ҳал қилишни истамаяпти. Муаммони гапирганлар эса раҳбариятдан хайфсан олади.

Жиззах вилоятидаги мактабгача таълим муассасида ишловчи суҳбатдошимизнинг айтишича, айни дамда боғча ва мактаблар оммавий чопиқ қилишга чиқарилган.

"Чопиқ қилганимиз учун фермер бир сўм ҳам пул бермайди. Далага обориб келадиган машина пулини ҳам мудира ёнидан тўлайди. Фермер ерини ташлаб қочиб кетган, шуни ўтдан тозалаяпмиз", - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, агар бирор сабаб билан чопиққа чиқолмаса ўрнига бошқа одам топиши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Qo'rqmaslar
Image caption Ўқитувчи ўртача 9 гектар ерни ўтдан тозалаши керак

"Далага чиқиб бошимдан кун ўтди ва касал бўлиб ётиб қолдим. Ўшанда пул бериб ўрнимга бир ҳафта бошқа одамни чиқаришимга тўғри келди. Энди ўзим чиқаяпман, чунки янаям ўтли далага ташлашди ва у ерни одам ёллаб бир агатни чоптириш камида 8 минг сўм. Унча пулни топиб беролмаслигим учун ўзим чиқаяпман".

Пахта чопиш даври давомида ҳар бир ўқитувчи ва боғча тарбиячиси ўртача 9 гектар ерни ўтдан тозалаши керак. Бу тахминан 14 та футбол майдонига тенг ер демакдир. Бу ишни улар мутлоқо текин қилади.

Айрим ҳолатларда, кўпроқ ойлик олувчи коллеж ва лицей ўқитувчилар ўқувчилар сабоқсиз қолиб кетмаслиги учун ўз ёнидан пул тўлаб бу ишларга одам ёллайди.

"Ўқитувчилар ҳафта ичида 3,5 минг сўмдан, ҳафта сўнггида 7 минг сўмдан бериб ўрнимизга чопиққа одам чиқаряпмиз. Лицей учун 10 та мардикорни ёллашимизга тўғри келади. Фермер бу ишни қилганимиз учун бизга бир сўм тўлаш уёқда турсин ҳатто чойимизни ҳам қилиб бермайди", - дейди Риштондаги лицейлардан бирида ўқитувчилик қилаётган Баҳодир Элибоев.

Элибоевнинг айтишича, оддий мактаб ўқитувчилари тўлаш учун ортиқча пули бўлмагани боис далага ўзлари чиқмоқда.

Ўқитувчилар муаммоси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тез-тез муҳокама қилиниб туриладиган мавзу. Кимдир уни аччиқ сатирик услубда ёзса, яна кимдир муаммоларни рўйи рост ёзади.

"Ўқитувчисини далага чиқараётган миллат, болаларини бошқа давлатга мардикорликка юборишга маҳкум", - деб изоҳ ёзган улардан бири.

Блоггер Санжар Саид Нима учун Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни ҳимоя қилмайди, деб блогпост ёзган.

Унда ёзилишича, Ўзбекистонда чоп қилинувчи "Оила даврасида" 18 май куни "ўта муҳим, бироқ ҳозирча ҳукумат назаридан четда турган муаммони кўтариб" чиққан.

Бироқ шунча муҳокамаларга қарамасдан вазирликдан ҳеч ким чиқиб уларни ҳимоя қилмаган.

"Норозиликлардан кейин ҳам тепса тебранмас, бедаво вазирлик мутахассисларидан бирортаси чиқиб "ҳа, биз ўқитувчиларни маҳаллий ҳокимият зулми, исканжасидан қутқара олмаймиз, бунга лаёқатимиз ҳам, ваколатимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ", деб айтмаяпти", - деб ёзилган ушбу постда.

"Санжар Саид ёзгани оммавий эмас"

Би-би-си ушбу масалаларга изоҳ олиш учун Халқ таълими вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Баҳриддин Шайвалиев Би-би-си Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмагани учун телефон орқали ҳеч қандай изоҳ бермаслигини айтди.

Вазирлик матбуот котибининг айтишича, Ўзбекистондаги таҳририятлар ҳам изоҳ олиши учун мурожаат қилиши керак. Санжар Саид каби блоггерларнинг ёзгани мавзунинг оммавийлашганини англатмайди.

Ўзбекистон ичидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатда мажбурий меҳнат тугамаганлиги борасида доим бонг уриб келишади.

Ҳукумат бу борада ижобий ишлар қилинаётгани айтиб келади. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида махсус ишонч номерлари ва билбордлар ташкил қилган.

Бироқ ушбу амалллардан фойда йўқлиги айтилади.

Шикоят қилсанг хайфсан оласан

"Бизга ҳам касаба уюшмасидан бир вакил келди. "Кимдир меҳнат қилишга мажбурланаяпсизларми, деб сўраса, йўқ, ўзимиз ишдан сўнг ихтиёрий ёрдам бераяпмиз, деб айтинглар" қабилида тушунтириш ишлари ўтказиб кетди", - дейди мактабгача таълим муассасаси ходими.

Риштондаги лицейда дарс берувчи Баҳодир Элибоев шикоят қилган ўқитувчи коллективдан ажратиб қўйилишини ва унга турли баҳоналар билан хайфсан берилишини айтади.

"Мана ҳозир сизга гапиряпман, лекин эртага аниқ кириб ҳужжатларинг қани, деб текширади. Айб қидиради, битта айбчани топиб, битта хайфсанни беради. Гап Би-би-сига чиқишда эмас, таълим бошқармасига бориб бир оғиз гапирсангиз ҳам сизни текширишади. Айби борлиги ҳақида актлар тузиб, ҳужжатлар қилиб ишдан бўшатишга тайёрлаб қўйишади".

Элибоевга кўра, шикоят қилган ўқитувчи ҳар мажлисда тик турғизиб қўйиб тергашади ва бошқаларнинг олдида изза қилишга уринишади.

"Давоматинг паст, дейди сўкади. Асоси бор. Ҳужжатинг йўқ, деб сўкади, асоси бор. Ўқитувчисан галстук тақмабсан, соқолингни олмабсан, деб сўкади. Асоси бор. Иккитиа боланг келмабди, деб сўкади. 100 та ходимнинг орасида тик туриб гап эшитиш, қандайдир ноқулайлик туғдиради", - дейди Баҳодир Элибоев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yangiqo'rg'on axborot markazi
Image caption Фарғонада Халқ қабулхонаси ўқитувчи ва шифокорлар пулига ишга тушган

Элибоевнинг таъкидлашича, ўқитувчини дардини қандайдир мансабдор эшитаётган бўлиши мумкин, аммо ҳеч уни ечмаяпти. Ўқитувчилар бугунги кунда замонавий қулларга айланиб қолган.

"Халқ қабулхонаси"ни қурган ўқитувчилар

Ўқитувчилар дала ишларидан ташқари ҳокимият томонидан бўладиган бошқа топшириқларни ҳам бажаришга мажбур бўлаётгани айтилади.

Мактаб кутубхонасидаги китоб етишмовчилиги ўқитувчиларга маъруза матни ёзиш ва уни чоп қилиш билан тўлдирилмоқда. Коллежга келмайдиган ўқувчиларнинг ортидан ҳам ўқитувчилар югурмоқда.

Ҳатто улар вилоятларда одамларнинг муаммосини эшитиб, ҳал этиши керак бўлган Президент халқ қабулхоналари ҳам ўқитувчилар пули эвазига қурилган.

"Фақат ўқитувчилармас, дўхтирлар ҳам Халқ қабулхонаси қуришга ёрдамлашди. Бизнинг лицейга 400 минг ё 600 минг сўм тушибди. Шуни йиғиб бердик Қолган коллежлар, дўхтирлар ва бюджет ташкилотлар пул ташлашган ва Халқ қабулхонасининг таъмир ва реконструкция ишларини олиб боришган. Халқ пулига Халқ қабулхонаси бўлди, фақат амалдорлар хўжакўрсинга ишлаб ўтиришибди", - дейди Баҳодир Элибоев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02