Москвадаги довул: ўзбекистонликлар орасида талофат борми?

Москва Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги вакилининг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, бу хусусда ҳозирча қўлларида бирор бир расмий маълумот йўқ ва ўзлари олиб бораётган текширув ишлари ҳануз давом этмоқда.

Тафсилотларини видеолавҳамизда ҳам томоша қилинг.

Агар, Россиядан олинган сўнгги хабарларга таянилса, душанба кунги довул қурбонларининг сони ҳозирга келиб 16 кишига чиққан.

Улардан 11 нафари пойтахт Москва, қолгани эса, Москва вилоятида қурбон бўлишган.

Маҳаллий масъулларга кўра, кутилмаган табиий офат натижасида 150 киши яраланган.

Улардан 108 нафари ҳануз касалхонада қолмоқда.

Ҳозирча қурбонлар ва жароҳатланганларнинг шахсларига оид расмий маълумотлар эълон қилинмаган.

Россиядаги энг катта сондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эса, айнан Москва ҳиссасига тўғри келади.

Биргина расмий рақамларнинг ўзида Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнинг сони бир миллион кишидан ортиши айтилади.

Улар аксариятининг кўпроқ қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида банд эканликлари маълум.

Ўзбекистон элчихонаси вакилининг билдиришича, ҳозирча бирор бир фуқаролари ҳам кўмак сўраб ўзларига мурожаат қилишмаган.

Кучли шамол аралаш ёмғир Москва шаҳри ва вилоятига душанба куни тушдан кейин ёпирилган.

Шамолнинг кучидан 3 мингдан ортиқ дарахт қулаб тушган.

Юздан ортиқ турар-жой ва маъмурий бинога зиён етган, мингдан ортиқ машина ҳам шикастланган.

Агар, Интерфакснинг ҳисоб-китобларига таянилса, Москва ўтган бир аср давомида бу каби ҳалокатли довулга гувоҳ бўлмаган.

Аммо, аксарият москваликларнинг эътироф этишларича, ҳеч ким бўлажак табиий офатдан ўзларини аввалдан огоҳлантирмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар