Алишер Усмонов судда Навальний устидан ютиб чиқди

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL METSEL/TASS

Москванинг Люблинский туман маҳкамаси миллиардер Алишер Усмоновнинг мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъвосини қондирган.

Маҳкама Алексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасини раддия бериш ва тарқатган хабарларини ўчиришга мажбур этган.

Ўчириш, шу жумладан, "Бу сизга Димон эмас"(Он вам не Димон) фильмини Интернетдан олиб ташлашни ҳам назарда тутади.

"Тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб топилсин, жавобгардан раддия бериш талаб қилинсин", дейилади суд қарорида.

Маҳкама икки кун давом этди.

Унда судья Марина Васина Навальний ҳимоячиларининг 23 та арзномаси, хусусан, маҳкамага Бош вазир Дмитрий Медведевни гувоҳликка чақириш таклифини рад этди.

Суд қарори эълон қилинганидан кейин Алексей Навальний "Он вам не Димон" фильмини ўчирмаслигини билдирди.

Шу пайтгача YouTubeда бу фильмни 20 миллиондан ортиқ марта томоша қилишган.

Навальний суд қарори устидан шикоят қилишини айтган.

"Бу қарорга, Алишер Бурҳоновичнинг сўзлари билан айтганда, тупурдим", деб айтган Навальний журналистларга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

30 май куни Люблинский туман маҳкамаси миллиардер Алишер Усмоновнинг мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади. Бизнесмен сиёсатчига қарши ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш даъвосини илгари сурган. Бундан олдин Навальний Алишер Усмоновни Бош вазир Дмитрий Медведевга пора беришда айблаган эди.

Би-би-си Рус хизмати ушбу шов-шувли суднинг муҳим рақамларига назар ташлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Алексей Навальний (ўнгда) Алишер Усмоновнинг адвокати Генрих Падва билан селфига тушмоқда.

5 миллиард рубл - Алексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш Фонди ҳисоб-китоби бўйича Знаменка посёлкасидаги уй нархи шунча. Бу бинони миллиардер Алишер Усмонов "Соцгоспроект" фондига беғараз ҳадя қилган. Навальнийнинг айтишича, бу Алишер Усмоновнинг Россия Бош вазири Дмитрий Медведевга берган поранинг бошқача кўриниши. "Соцгоспроект" фонди раҳбарларидан икки нафари Медведевнинг курсдошларидир. Алишер Усмонов адвокатларига кўра, уйни топшириш бошқа ер участкасини қўлга киритиш мақсадидаги кўп босқичли олди-бердининг бир қисми бўлган. Шунингдек, миллиардер, бу мулкнинг "Соцгоспроект" жамғармасига топширилиши пора бўлиши мумкин деган маълумотни рад этиш ва йўқ қилишни талаб этмоқда.


12 парчани рад этишни талаб қилмоқдаАлишер Усманов.Бу парчаларАлексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш Фонди томонидан турли жойларда эълон қилинган материаллар таркибидаги парчалардир. Бу парчаларда Медведевга дачани порага беришдан ташқари, "Усмонов жиноятчи", у Россия Бош вазири биринчи ўринбосари Игор Шуваловга гўёки пора берган, кон-бойитиш комбинатларини хусусийлаштирган ва ўмарган, Россияда солиқ тўламаяпти, Швейцарияда солиқ тўлайди ва "Коммерсант" матбаа уйида цензура қилаяпти, деб айтилган.


23 арзнома киритишди суд пайти Навальний ва ФБК. Судья Марина Васина арзномалардан фақат биттасинигина қондирди. Бу Росреестрдан берилган Знаменкадаги бино ҳақидаги ҳужжатни маҳкама ишига қўшиш ҳақидаги арзнома эди.


10 гувоҳни судга чақиришдан бош тортди ҳакам Марина Васина. Навальний ва ФБК томони саккиз кишини чақиртиришни сўради. Улар орасида Бош вазир Медведев, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Шувалов, "Соцгоспроект" жамғармасининг энг юқори раҳбарлари ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси бор эди. Даъвогар тарафи эса ИД "Коммерсант" раҳбарлари Владимир Желонкин ва Сергей Яковлевни чақиртириш ва у ерда цензура бор-йўқлигини сўрашни таклиф қилди. Бироқ ҳакам Васина бу арзномаларни қондиришдан бош тортди.


140 саҳифали ҳужжатлар Усмонов тарафи арзномалари бўйича суд ишига тиркалди. Булар орасида АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси сайти ошкор этган маълумотлар ҳам бор эди.


10 дақиқа вақт берди маҳкамаНавальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш фонди вакилларига маҳкама иши ҳужжатлари билан танишиб чиқишлари учун.


6 юристсуддаАлишер Усмоновнинг манфаатини ҳимоя қилди. Уларга россиялик машҳур адвокат Генрих Падва раҳбарлик қилди. 86 ёшли адвокат бундан олдин ЮКОС ширкати раҳбари Михаил Ходорковский ва собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюковни маҳкамада ҳимоя қилган.


1 тарафдор. Люблинский суди биноси олдига Алишер Усмоновнинг бир тарафдори келди. Ўзининг исмини Зулфия деб айтган аёл ўзбекистонлик экани ва таниқли юртдошини қўллаб-қувватлашга қарор қилганини маълум қилди. У маҳкама биноси олдида қўлида плакат ушлаб турди. Плакатда "Алишер Усмонов, биз сизга ишонамиз, биз сиз биланмиз, биз сиз тарафингиздамиз!!!" деб ёзилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ