Мирзиёев банкирларга: "Ассалому алайкум, Эшмат ака!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Интернетга сиздирилган аудиоёзувда Президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг иқтисодиёт комплекси ҳамда банк-молия тизими раҳбар-ходимларини кескин танқид қилган.

Маҳаллий нашрлар видеоселектр йиғилиши эканини айтаётган ҳукумат йиғинида Президент, хусусан, Самарқанд вилоят банк тизими раҳбарларига халқ билан яқиндан ишламаётгани, хусусан, уйма-уй юриб, кредит тарқатмаётгани учун танбеҳ беради.

"...Бунақа банкир нима учун керак?! Булунғурда энг камида 2та ёки 3та банк бор. Ана, 200 одам нима иш қилаяпти? Ҳеч бало қилмаяпти", - дея фиғони чиқади давлат раҳбарининг.

"Қуйи (бошқарув)да тизим йўқ"лигини айтган Шавкат Мирзиёев юзага келган вазиятда иқтисодиёт комплекси раҳбари ва Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни айблайди.

"Азимовга ўхшаганлар пастга тушиб ишлаганда, бу нарса бўлмасди", - дейди Мирзиёев ҳокимият учун пинҳона курашларда ўзининг эски рақиби деб ишонилган Бош вазир ўринбари Рустам Азимовга хитобан.

3,5 дақиқалик аудиоёзув ниҳоясида Президент "районлардаги молия ходимларининг 50 фоизини" ишдан бўшатиш билан таҳдид қилади.

Бундан аввал ҳам Мирзиёев амалдорларга қаттиқ танбеҳ берган ҳукумат йиғинига доир аудиёзувлар интернетда пайдо бўлганди.

Расмийлар бу аудиоёзувлар юзасидан ҳеч қандай шарҳ беришмаган.

Ижтимоий тармоқларда аксарият ўзбекистонликлар Президентнинг ўз қўл остидагиларга нисбатан қаттиққўллигини олқишлашмоқда.

Айни пайтда Мирзиёев танлаган усул эскича бошқарувдан бошқа нарса эмаслиги, амалдорларни алмаштириш билан вазиятни ўнглаб бўлмаслигини айтаётганлар ҳам бор.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар