Россия Ўзбекистонга фақат 30 минг тонна нефт беради

Жиззах Нефтни Қайта ишлаш заводи тамал тоши қўйилган жой Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK/MIRZIYOYEV
Image caption 27 апрел куни Зафаробод туманида Жиззах Нефтни Қайта ишлаш заводига тамал тоши қўйилди.

Россия Ўзбекистонга ваъда қилган 500 минг тонна хом нефтнинг атиги 30 мингини 2017 йилда етказиб беролади.

Бу ҳақда neftegaz.ru веб-сайти хабар тарқатган.

Россия билан Ўзбекистон ҳукуматлари 2017 йилда 500 минг тонна нефт етказиш бўйича шартнома имзолаганлар.

30 минг тонна синов тариқасида етказилиши, бундан ортиғини Россиядан Ўзбекистонга олиб келиш имкони йўқлигини айтишган расмийлар.

Нефт етказиб беришнинг аниқ ва қатъий графиги йўқ, бу график дастлабки синовлар ўтказилиб, йўналиш аниқлаб олинганидан кейин ишлаб чиқилиши мумкин.

Россия расмийларига кўра, хомашёни Омск-Павлодар-Чимкент магистрал нефт қувури орқали Қозоғистоннинг Чимкент шаҳригача оқизиб етказиш, Чимкентдан Ўзбекистонгача эса транспортда ташиб бориш режаланган.

Омск-Павлодар-Чимкент магистрал нефт қувуридан Ўзбекистонга нефт етказиш ҳақида Россия ва Қозоғистон энергетика вазирликлари келишувга эришганлар.

Ўзбекистон эса Қозоғистон чегарасигача 95 километрлик магистрал нефт қувури қуришни бошлаган.

Бу қувурни Омск-Павлодар-Чимкент магистралига улаш мўлжалланмоқда.

Қозоқ чегарасидан хом нефтни қувур орқали Жиззах Нефтни қайта ишлаш заводигача етказиш режалаштирилган.

Янги нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланди

Жиззах Нефтни қайта ишлаш заводининг қурилиши шу йил апрелида бошланди.

Бу завод йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлай олади.

У ерда бир йилда 700 минг тонна авиация керосини, 3,7 миллион тонна мотор ёқилғиси, 300 тонна бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Жиззах заводи 2 миллиард 200 миллион долларга баҳоланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ