Мирзиёев "планшетида ҳамма нарсани кўриб туради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalqaro Press klub
Image caption АҚШнинг Йел университетида таҳсил олган Шерзод Шерматов Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш аъзоларидан саналади.

Президент Шавкат Мирзиёев планшетида Виртуал қабулхона бўйича ҳамма нарсани кўриб туради.

Бу ҳақда Ахборот технологиялари вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов маълум қилди.

Унинг Daryo.uz нашрига айтишича, Мирзиёев ким шикоятни "кўриб чиқишни кечиктираётганини ҳам кўриб туради".

Мулозимнинг сўзларига кўра, авваллари фуқароларнинг минглаб мурожаатлари "ахлат қутисига ташланарди".

"Аввал қанақа эди? Фуқароларнинг минглаб мурожаатлари ҳатто рўйхатдан ўтказилмасдан ахлат қутисига ташланарди. Бу прокуратура текширувлари чоғида аниқланган", - деб айтган Шерзод Шерматов.

Унинг таъкидлашича, Виртуал қабулхона " вақтинчалик кампания эмас, балки халқ билан доимий мулоқот"дир.

Шерматовнинг сўзларидан халқ орасида "портал" номи билан оммалашган Виртуал қабулхонанинг ишга туширилишида унинг ўзи бош-қош бўлгани англашилади.

Унга кўра, портал жорий этилиши билан мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олина бошлаган.

"Шу тариқа биз фуқаронинг ўз сўровига жавоб олишдек элементар ҳуқуқини таъминладик",- деб айтган мулозим.

"Инқилобий ислоҳотлар" зарур

АҚШнинг Йел университетида таҳсил олган ва Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш аъзоларидан саналган Шерзод Шерматовнинг фикрича, бошқарув тузилмаларида чуқур илдиз отган "қўлда бошқарув"га барҳам бериш вақти келган.

У Ўзбекистонда "инқилобий ислоҳотлар"га эҳтиёж борлиги ва буни амалга ошириш мумкинлигини айтади.

Шерматов кўпгина ўзгаришларга қарамасдан, жойларда ислоҳотлар депсиниб қолаётганини тан олган ва "юқоридан сеҳрли туртки" кераклигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gov.uz
Image caption Виртуал қабулхона " вақтинчалик кампания эмас, балки халқ билан доимий мулоқот"дир.

Унинг сўзларига кўра, ислоҳотларни амалга ошириш учун мамлакат раҳбариятида "сиёсий ирода" мавжуд.

"Биз сиз билан мамлакат ҳаётида инқилобий ислоҳотлар ўтказиш мумкин бўлган даврда яшаяпмиз. Халқнинг умиди катта. Келинглар, биргаликда ишлаймиз. Мамлакатимизни биздан бошқа ҳеч ким ривожлантирмайди.Меҳрибон амаки келишини кутиш керак эмас. Ҳеч ким келмайди, мен буни ўз ходимларимга ҳам доим такрорлаб келаман. Америкада ёки Европада яхши яшашяптими, демак улар буни ўзлари учун ўзлари қурган.Ва биз ҳам шундай қила оламиз", - деб айтган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи.

Аввалроқ Президент Мирзиёев бошқарувда "тизим йўқ"лигини тан олган эди.

Мавзуга алоқадор видеони You Tube каналимизда томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02