Ўзбекистон ЕИ билан 'тўқимачилик протоколи'ни ратификация қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anhor.uz
Image caption Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт қилинадиган тўқимачилик маҳсулотларига бож тўловлари камайтирилади

Президент Мирзиёев Европа ҳамжамияти билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида айтилишича, янги қонун тўқимачилик маҳсулотлари савдосига доир 2011 йилда имзоланган битимнинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан қабул қилинган.

Битимига мувофиқ, Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт қилинадиган тўқимачилик маҳсулотларига бож тўловлари камайтирилади.

Ўтган йил декабрида Европа парламенти Ўзбекистон билан тўқимачилик маҳсулотлари савдосига доир битимни маъқуллаганди.

Европа Парламенти қарорида Ўзбекистоннинг "болалар меҳнатига чек қўйиш йўлида қўйган қадамлари" инобатга олингани айтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EUROPEAN PARLIAMENT
Image caption Европарламентга кўра, Ўзбекистон болалар меҳнатига "деярли тўла барҳам берган"

Айни пайтда Европарламент депутатлари ўзбек ҳукуматини мажбурий меҳнатнинг барча кўринишлари, жумладан, талабалар ва бюджет ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб этилишига чек қўйишга чақиришган.

Европа парламенти депутатлари Ўзбекистон ҳукумати охирги уч йилда Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан биргаликда болалар меҳнатига "деярли тўла барҳам берганлиги"ни олқишловчи қонун кучига эга бўлмаган алоҳида резолюцияни ҳам қабул қилганлар.

Европарламент Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатишда давом этиши ва агар ўзбек ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармай қўйса, ЕИ Коммиссияси ва Кенгашидан расмий Тошкент билан битимни тўхтатишни сўраши ҳақида огоҳлантирган.

Европа Парламенти айнан Ўзбекистон пахта саноатидаги болалар ва мажбурий меҳнатга оид даъволар сабаб, 2011 йилда бу келишувнинг тақдирини савол остида қолдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02