Жасур Ибрагимов иши: асосий гумондор ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Жасур Ибрагимов ҳодисадан қарийб 1 ой ўтиб, 1 июнь куни Тошкентдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Калтаклаб ўлдирилгани иддао қилинган тошкентлик талаба Жасур Ибрагимовнинг ўлими юзасидан бошланган терговни Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев шахсан назоратга олган.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, 17 ёшли тиббиёт колежи талабасининг ўлимида гумон қилинаётган Ислом Тўлаганов ҳибсга олинган.

Бош прокуратура баёнотига кўра, Тўлагановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 104-модда, 3-қисм, "д" банди ( Қасддан баданга оғир шикаст етказиш-жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса-таҳр) бўйича айблов эълон қилинган.

Расмий хабарда Тошкент шаҳар прокуратураси 4 июнь куни жиноят ишини иш юритувга қабул қилгани айтилади.

Айнан шу куни Тошкентда жамоатчилик вакилларининг Жасур Ибрагимов ўлими юзасидан норозилик чиқиши бўлиб ўтган эди.

'Коллеждан ташқарида'

Аввалроқ Жасур Ибрагимовнинг ўлими марказида бўлган коллеж маъмурияти илк бор расмий баёнот билан чиққан.

Боровский номли тиббиёт коллежи маъмуриятининг таъкидлашича, Жасур Ибрагимовнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса "коллеж ҳудудидан анча узоқда" содир бўлган.

Душанба куни коллежнинг расмий веб-сайтида рус тилида жойлаштирилган баёнотда коллеж ҳудудида 120 та кузатиш камералари ўрнатилгани ва махсус қўриқлаш хизмати мавжудлиги урғуланади.

"Айни ҳодиса коллеж ҳудудидан анча узоқда юз берган", дейилади баёнотда.

'Гуруҳ ҳолида дўппосланмаган'

3 май куни соат 14:15-14:30 ларда коллеж талабалари Ибрагимов Жасур ҳамда Тўлаганов Исломлар орасида юз берган ҳодиса тафсилотларига тўхталган коллеж маъмуриятининг гувоҳларга таяниб билдиришича, "гуруҳ ҳолида дўппослаш бўлмаган".

Маъмуриятнинг айтишича, марҳум Жасур Ибрагимовнинг 4 нафар дўстлари ҳодисага гувоҳ бўлганлар.

Баёнотда таъкидланишича, айнан "Жасурнинг дўстлари" оммавий муштлашув бўлмагани ҳақида кўрсатма беришган.

"Гувоҳларнинг сўзларига кўра, гуруҳ ҳолида дўппослаш бўлмаган ва ҳодисадан сўнг, Жасур мустақил равишда таксида уйига кетган. Онасининг сўзларига кўра, у 17:40 да онасига телефон қилиб, ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган", - дейилади расмий билдиришда.

"Ҳодиса оқибатлари борасида ижтимоий тармоқларда кўплаб фаразларнинг айтилаётгани"га эътибор қаратган тиббиёт коллежи маъмурияти тергов идоралари унга тегишли баҳони беришини таъкидлаган.

Норозилик чиқишлари

Жасур Ибрагимовнинг 1 июн куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар 3 июн куни тушдан сўнг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан шиддат билан ёйилган.

4 июн куни Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ "Бобур") боғида тўпланган 400 га яқин жамоатчилик вакиллари Жасурнинг қотилларини топиш ва жазолашни талаб қилганлар.

Улар бир ой муқаддам юз берган жиноят юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва коллеж маъмуриятининг сукут сақлаб келганини қоралашган.

Тошкентдаги мисли кўрилмаган норозилик акцияси ташкилотчиларининг айтишларича, 400 га яқин одам Жасур Ибрагимов оиласини қўллаб-қувватлаб, петицияга имзо чеккан.

Милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари норозилик чиқишини кузати тургани, аммо акция қатнашчиларига нисбатан ҳеч қандай босим бўлмагани хабар қилинган.

Бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси журналистлар учун тезкор брифинг ташкил қилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.

"2017 йил 3 май куни тахминан соат 14:00 ларда Яшнобод тумани ҳудудидаги 145-мактаб олдида Жасурбек Махамад ўғли Ибрагимовга нисбатан оғир тан жароҳатлари етказилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан 1999 йилда туғилган Исломбек Абдужамилович Тулагановга нисбатан мавжуд бўлган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилган расмий хабарномада.

'Адолат қарор топсин!'

17 ёшли Жасур Ибрагимовнинг яқинларига кўра, у беш марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, аммо шифокорлар Жасурнинг ҳаётини қутқариб қололмаган.

Марҳумнинг яқинлари унга тиббий ёрдам кўрсатиш пайсалга солинганини айтиб, коллеж маъмуриятини қотиллик изларини бостириш ва гумондорларни ҳимоя қилишга уринишда айблаганлар.

Жасур Ибрагимовнинг онаси Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб, ундан адолатни қарор топтиришда ёрдам сўраган.

Мурожаатда айтилишича, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Омбудсман идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02