Озодбек Назарбеков: Давлат ташкилоти базмида текин хизмат қилмайлик

назарбеков Фото муаллифлик ҳуқуқи uzbeknavo.uz

Маълум бўлишича, прокуратура доҳил бошқа давлат муассасалари ўзларининг корпоратив базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланишади. Камига уларга дўқ уриб, обрўсизлантиради.

Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шикоят қилган ва Маданият вазири ўринбосари унинг гапларини маъқуллаган.

Озодбек Назарбековнинг айтишича, санъаткорларнинг давлат ташкилотлари олдида ҳурмати қолмаган. Давлат муассасаларининг корпоратив базмларига хонандалар текин хизмат қилишга мажбур. Сал кеч қолишса уларни "ўдағайлаб" тергашади.

"Давлат ташкилотлари олдида санъаткорларнинг ҳурмати йўқ. Давлат тадбирлари ҳақида гапирмаяпман. Ташқи ишлар вазирлигида тадбир қилади ёки прокуратурада оддий ўтириш қилади, масалан Наврўзга ўтиради. Нонни пулга олади, сувни пулга олади, ресторанни пулга заказ қилади ва санъаткор текинга бориши керак. Ҳурмат ҳам шунга яраша бўлади".

Озодбек Назарбеков "Ўзбекконцерт" давлат муасасаси томонидан томонидан 2 июн куни ташкил қилинган мажлисда гапирган. Унда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими Абдуваҳоб Сахиев ва "Ўзбекконцерт" давлат муасасаси директор вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Ҳайдаровлар иштирок этган.

Маданият вазирлиги қошида тижорий бўлим очилсин.

Назарбеков Маданият вазирлиги қошида тижорий бўлим очилишини ва шу вақтгача санъаткорлар хизматидан текин фойдаланиб келаётган давлат ташкилотлари унга пул ўтказиш йўли билан улар хизматидан фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф қилди.

"Улар вазирликка хат билан чиқади. Сизлар унинг ижросини таъминлаб беришларингиз керак. Тижорий бўлим бўлса , мана шунақа ўтириш қилмоқчи бўлганлардан, сенга ким керак деб сўрайди. Пулини тўла ёки тушир. Шунда сал ҳурматимиз жойига келади. Ҳозир уларда битта вазирликка хат ташласак ҳаммаси келади, деган фикр бор. Кейин мана шунақа оёқ остилик, сал 15 минут кеч қолсанг, ўдағайлаб ҳам беради яна".

Назарбековга кўра, шундай бўлса юридик томонлама ҳам тўғри бўлади, ҳеч ким эътироз ҳам қилмайди.

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов хонанданинг фикрларини маъқуллаган.

У ҳам йиғилишда вазирликнинг дардини айтиб кетган. Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари бирор тадбир ўтказса ҳатто Маданият вазирлиги билан келишмасдан ҳамма нарсани улардан олади. Бироқ матбуотда вазирлик номи ўрнига ўша ташкилот номи туради.

"Тўғри нарсаларни айтдингиз, бу ерда битта нарса бор. Баъзан протоколлар келиб қолади. Унга на вазирлик розилик берган, на бошқа. Бундай қарасангиз протоколда овоз кучайтиргич қўядиган бизмиз, саҳна қиладиган бизмиз, бошловчи берадиган бизмиз, санъаткор берадиган бизмиз, режиссёр берадиган бизмиз. Тадбирнинг эгаси келади-да фақат совға топшириб. Газетага қарасанг бир оғиз маданият вазирлиги деган жой йўқ", - деган Минҳожиддин Ҳожиматов.

Видеони томоша қилиш учун YouTube босинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ