Рустам Азимов ҳукумат таркибини тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримов ва Азимов

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш ва хорижий сармоялар комплекси раҳбари Рустам Азимов лавозимларини топширган.

Рустам Азимовнинг лавозимлардан ўз ихтиёри билан кетганми ва ё буйруқ асосида ишдан олинганми аниқ эмас.

Ўзбекистондаги нашрларда унинг ўрнига Молия вазирининг биринчи ўринбосари Жамшид Қўчқоров тайинлангани ҳақида айтилмоқда.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг меросхўрларидан бири деб кўриладиган Рустам Азимов Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан кейин бирин-кетин лавозимларидан жудо бўла бошлади.

Ўтган йил охирларида Молия вазири ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосарлигини топширган ва Мирзиёевнинг чиқишларида кетма-кет танқид нишонига айланиб қолган эди.

Икки Рустамдан бири кетди...

Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришларни яқиндан кузатиб келаётган манбалар ва мустақил журналистларга кўра, Мирзиёев Рустам Азимовни аввалдан ўзи учун жиддий рақиб санаб келган.

Бундан бир ярим ойча аввал Reuters ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги қудрат доираларини манбаларига таяниб таҳлил қилганди.

"Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларга иқтибосан хабар беришича, Ислом Каримов ўлимидан сўнг Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев амалда қудратни яна икки шахс, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва МХХ раҳбари Рустам Иноятов билан "бўлишарди".

Reuters манбаларига кўра, "Ғарб томонидан ислоҳотчи сифатида кўрилган Рустам Азимов ҳозирда "четга чиқарилмоқда".

Reuters: "Бу Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп мамлакат бошқарувида асосан икки шахсни қолдириб, қарор қабул қилиш жараёнини соддалаштириш эҳтимолини туғдиради".

"Лекин қудратда қолаётган икки шахс ўртасидаги танглик ҳам сақланиб қолмоқда".

Reuters манбаларига кўра, Мирзиёев ўзини ислоҳотчи қилиб кўрсатишни истайди.

Лекин ўта эҳтиёткор Иноятов иқтисодий ва валюта эркинлиги каби нисбатан кескин ислоҳотларга қарши.

Ислом Каримов командасида бўлган ва ҳозирда Ўзбекистондаги энг қудратли куч тизимига раҳбарлик қилаётган Рустам Иноятов билан президент Мирзиёевнинг муносабатлари мустаҳкам эканига ишора берувчи далиллар оз.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02