Алишер Хаджаев янги лавозимга тайинланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dunyouzbeklari.com
Image caption Хаджаев шу йил февралида МТРК раислигидан бўшатилганди.

Ўзбекистон Миллий Телерадикомпаниясининг собиқ раиси Алишер Хаджаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Бу ҳақдаги қарор ҳукумат порталида 6 июнь куни эълон қилинди.

Маълум бўлишича, Хаджаев лавозимга 2 июнь куни тайинланган.

55 ёшли Хаджаев шу йил февралида Президент Мирзиёевнинг ЎзТВни танқид қилиши ортидан лавозимдан четлатилганди.

Унинг нима учун ишдан бўшатилгани борасида расмий изоҳ берилмаган.

Хаджаев охирги йилларда Миллий Телерадикомпанияда юз берган коррупция можаролари марказида бўлган.

Телевидениенинг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновалар Хаджаевни таниш-билишчилик ва коррупцияда айблаганлар.

Аммо Каримов даврида журналистларнинг ЎзМТРК раҳбарияти устидан Президент ва Бош вазир номига қилган шикоят ва мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Хаджаевнинг жорий бош вазир Абдулла Ариповга қуда бўлгани, Арипов 2012 йилда Бош вазир ўринбосари лавозимидан олингач, у билан қариндошлик ришталарини узгани айтилади.

Маҳаллий журналистлар Хаджаев даврида давлат телевидениесида цензура ва маҳаллийчилик кучайгани, кўплаб ижодкорларнинг асоссиз ишдан бўшатилганини айтишган.

Алишер Хаджаев телевидение раҳбарлигига қадар Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашида хизмат қилган ва махсус хизматларга алоқааси борлиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02