Россиядан Ўзбекистонга 192 миллион доллар кўп пул юборилган

АҚШ доллари тутган қўл Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK
Image caption АҚШ доллари тутган қўл

Россия Марказий Банки маълумотларига таянилса, бу йилнинг биринчи чорагида 2016 йилнинг дастлабки 3 ойига солиштирганда 192 миллион доллар кўп пул жўнатмалари Россиядан Ўзбекистонга юборилган.

2016 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонга 378 миллион доллар жўнатилган.

2017 йилнинг январидан март ойи охиригача Россия Марказий Банки Ўзбекистонга 570 миллион АҚШ долларига тенг маблағ жўнатилганини қайд этган.

Бироқ ҳамма ўзбекистонлик ҳам ўз оиласи ёки яқинларига пулни банклар орқали юбормайди: ватанга қайтаётган таниш ёки қариндош орқали бериб юборилади, йиғиб-йиғиб Россиядан кетаётганда олиб ҳам кетилади.

Расман ўтган йили Россиядан меҳнат муҳожирлари ватанига 2 миллиард 741 миллион доллар жўнатганлари қайд этилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу рақам ўзбекистонликлар энг кўп пул юборган 2013 йилдаги кўрсаткичнинг 60 фоизи деганидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2013 дан кейин йилдан-йилга пул ўтказмалари камайиб келаётгани кузатилади.

Россияда ишлаб оиласини боқишга қарор қилган Ўзбекистон фуқароларининг аниқ сони ҳеч эълон қилинмаган.

Чунки 2000 йиллардан бошлаб ўзбекистонликлар чет мамлакатларда даромад топиш йўлларини излашга мажбур бўлдилар, уларнинг аксари визасиз тартиби амалда бўлган Россияни танладилар.

Россияда қонуний ва ноқонуний мигрант бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони камида 4-5 миллионни ташкил этгани хабар қилинди.

Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати Ғарбнинг Россияга нисбатан санкцияларига олиб келди, бунинг оқибатида ишлаб чиқариш камайиши, қурилишлар сустлашиши юз берди.

Россияда бўлган ўзбекистонликларнинг даромадлари ҳам камайди.

Ўзбекистон фуқаролари ватанига қайтишга ҳам мажбур бўлдилар.

Бу йилдан эса Россияга бораётган ўзбекистонликлар сони яна кўпайгани кузатилган.

Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев Россия расмийлари билан меҳнат муҳожирларининг ҳимояси бўйича келишувларга эришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ