"Октябр инқилоби ва мен”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty/bbcuzbek
Image caption Дилором: "Бобом инқилоб тарафдори бўлган, аммо Сталин даврида уни "халқ душмани" деб эълон қилишган...

Айни тарихий сана дунёни ислоҳ қилгани рост. Аммо қайси тарафга? Би-би-си Жаҳон хизмати ана шу сана муносабати билан " Октябр инқилоби ва мен" рукни остида ўз ўқувчиларининг ҳикояларини тўпламоқда. Географик чегаралар йўқ. Муҳими бу ҳикоялар сизнинг ва ё яқинларингиз ҳаёти билан боғлиқ бўлса кифоя.

Балки инқилоб билан боғлиқ бирор воқеа айнан оилангизда ва ё оилангиз тарихида рўй бергандир?

1917 йил Сизнинг ва яқинларингиз ҳаётида қандай аксланган?

Инқилоб билан ўзгарган замон Сиз ва ё яқинларингиз ҳаётида қандай из қолдирган? Ижобийми ва ё салбий?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Soviet art/internet
Image caption Бу расм қанчалар ҳақиқат ва ё санъат аниқ эмас

Балки яқинларингизни Ленин ва ё инқилоб шарафига номлашгандир?

Ўз ҳикояларингиз ва суратларингизни бизга uzbek@bbc.co.uk манзилига йўллашингиз мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Said Atabekov
Image caption Ленин ким?

Сизнинг суратларингиз ва ҳикояларингиз bbc.com, яъни Би-би-си Жаҳон хизматларининг саҳифаларида, ижтимоий тармоқларида нашр қилинади.

Ана шундай ҳикоялардан айримлари билан танишинг.

Дилором, Самарқанд: (биринчи сурат) "Менинг бобом Самарқандда юрист бўлиб ишлаган. У инқилоб тарафдори бўлган. Большевиклар партиясига аъзо бўлиб кирган ва Туркистон инқилобий трибуналининг раиси бўлган. Сталин қатағони даврида эса уни ёлғондан жосусликда айблашади ва Узоқ Шарққа сургун қилишади. Бобом у ердан қайтмайди. Отам эса ўша вақтлар беш ёшда бўлганлар. У "халқ душмани" тамғаси билан улғайган. Бу эса бизнинг оиламизга жиддий таъсир қилди. Салбий из қолдирди ва ҳамон бу из аримаган".

________________________________________

Фото муаллифлик ҳуқуқи darius
Image caption "Москвич"

Дариюш, Душанбе, Тожикистон: Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида мен Тожикистонда мактаб талабаси эдим. Лақабим "Москвич" эди. Чунки синфдошлар орасида фақат мен Москвага борган ва Ленин мавзолейини зиёрат қилгандим. Бизга Ленинни илоҳийлаштириб тақдим қилишганди. Иттифоқо, Шўролар қулаганидан кейин бир йил ўтиб мен Москвага яна сафар қилдим. Очиғи, McDonalds ресторанига кириш учун тизилганлар навбати Мавзолейникидан бир неча карра узун эканидан даҳшатга тушдим. Одамларнинг ортиқ Ленин билан ишлари йўқ эди.

________________________________________

Image caption "Эронликлар ҳам Россия инқилобидан илҳомланишган"

Фараж, Эрон: Мен Ленин ва инқилоб халқлар учун муваффақият ва тенглик олиб келгани ҳақидаги ҳикоялар билан вояга етган эдим. Аксарият эронликлар бу ҳикоялардан илҳомланишган...1979 йилги Эрон Исломий инқилоби иштирокчилари ҳам бу илҳомланишдан истисно эмас. Эрон инқилобидан тўққиз йил ўтиб мен биринчи бор чет элга чиқдим. Болгарияга бордим. У ердаги қашшоқликдан даҳшатга тушдим. Софияда Лениннинг улкан ҳайкали қошида туриб мен бизда шоҳларнинг йиқитилган ҳайкаллари ҳақида ўйладим. Бирданига бир кун келиб Лениннинг бу ҳайкали ҳам йиқитилади деган фикр кечди миямда...Орадан уч йил ўтиб худди шундай бўлди.

Бунга алоқадор

"Алвидо, Ленин" филми Ўзбек тилида -

Lenin's children BBC film - YouTube

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02