Россияда "бомж"га айланган ўзбекларга ким ёрдам беради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rahmonov/Hamroqulov
Image caption Тўйчи Сафаровнинг кечаги ва бугунги кўриниши

Қашқадарёнинг Нишон туманидан бўлган Тўйчи Сафаровнинг Россияда омади чопмади. Оёғи куйиб қолиши ортидан у ишсиз, сўнгра уйсиз қолди.

Ишга яроқсиз бўлиб қолиши билан ёлғиз қолган муҳожир сўнгра Петербург кўчалардаги маҳаллий дайдиларга қўшилиб, улар қатори ичкиликка берилди.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Ўтган ҳафта унинг аянчли аҳволини кўриб қолган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар унга ёрдам беришга бел боғладилар.

Сурхондарёлик Рустам Раҳмонов ва ўшлик Миролим Ҳамроқуловлар Санкт-Петербургда таълим оладилар.

Бўш вақтларида YouTube порталида блог юритадиган бу икки ёш кўчада қолган Би-би-сига Тўйчи аканинг ҳолига бефарқ қараб тура олмаганларини айтишди.

"У кишини ювиб тозалаб уст-бошларини янгиладик, уколлар олаяптилар," - дейди Рустам.

"Элчихонада бериладиган ватанга қайтиш сертификатини олиб уйларига жўнатамиз".

Россияда пул топаётган миллионлаб ўзбекистонликлар ичида турли сабабларга кўра ишсиз ва уйсиз қолган, дайлилар орасига қўшилиб ичкиликбозликка берилган мигрантлар одатда ортга қайтишга чора топа олмайдилар.

Image caption Ҳасан Турдиев

Тақдирга тан берган омадсиз муҳожирлар ўзларини боши берк кўчага кириб қолгадек сезадилар.

Ўтган йилнинг апрель ойида андижонлик Ҳасан Турдиев Краснодарда оғир аҳволда эканлиги маълум бўлганди.

45 ёшли мигрант ногирон ҳолида кўчада топилиб шаҳар дайдиларни сақлаш марказида келтирилган.

Марказдаги ҳамшира ўзбекистонлик Турдиевнинг оғир аҳволи тўғрисида унинг сурати билан бирга ижтимоий тармоқларда эълон берган.

Москвадаги кўнгиллилар ва Миграция бўйича халқаро ташкилот кўмагида Ҳасан Турдиев Андижонга қайтарилганди.

Image caption Аҳмадали Умаров

Тўрақўрғонлик Аҳмадали Умаров ҳам ижтимоий тармоқлардаги эълон орқали ўз оиласи бағрига қайтган.

Москва шаҳрининг Речной вокзал метро бекати атрофида тиланчилик қилиб юрган ўзбек ҳақидаги суратли эълонни асли навоийлик Валентина Елецкая интернетга жойлаганди.

38 ёшли Аҳмадали Умаровнинг айтишича, Москвадаги қурилишларнинг бирида ишлаб иш ҳақини ололмай, пулсиз ва бошпанасиз қолган. Қишда исиниш учун дайдилар жойлашган ертўладан тунашга жой сўраб кирган ва шу тариқа дайдилар сафига қўшилиб кетган.

Москвадаги ўзбекистонликлар ёрдамида Аҳмадали уч ой давомида даволанди. Миграция бўйича халқаро ташкилот ниҳоят ўзбекистонлик Аҳмадали Умаровни ватанга қайтишига кўмаклашди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар