"Пахтакор"га миллион долларлик мураббий келадими?

пахтакор Фото муаллифлик ҳуқуқи Pakhtakor.uz

Тошкентнинг "Пахтакор" футбол клуби йилига миллион доллар атрофида маош оладиган грузиялик Шота Арвеладзе билан музокаралар олиб бормоқда. Шота Арвеладзе бу вақтгача Исроилнинг "Маккаби" ва Туркиянинг "Трабзонспор" клубларида мураббийлик қилган.

Арвеладзе Туркияда бир йилда 1 миллион 200 минг евро маошга ишлаган, "Маккаби"да эса мураббий йилига 800 минг евро олган.

Голландиянинг "Аякс", "Аз-Алкмар" каби номдор клубларида тўп сурган асли грузиялик Шота Арваладзе мураббий сифатида ҳам таниқли.

У мураббийлик фаолиятини "Аз-Алкмар" клубида машҳур тренер Луи Ван Галга ёрдамчи сифатида бошлаган.

Олдинроқ uff.uz сайти турк матбуотига таяниб Шота Арвеладзенинг "Пахтакор" билан икки йиллик шартнома имзолагани ҳақида ёзган эди.

Бироқ клуб матбуот хизматидан Беҳзод Назаров ушбу хабарни тасдиқламади. Унинг Би-би-сига айтишича, клуб бир нечта хорижлик мураббий билан музокалара олиб бормоқда ва уларнинг ичида Шота Арвеладзе ҳам бор.

"Янги раҳбарият келганда чет элдан тренер олиб келамиз, деб айтган. Ҳозир 2-3 мураббий билан музокара кетаяпти. Маъқули билан контракт қилинади. Музокара олиб борилаётган 2-3 хориж мураббийлари орасида Шота Арвеладзе ҳам бор",- дейди Беҳзод Назаров.

Олдинроқ "Пахтакор" стадионида катта миқёсда қурилиш ишлари олиб борилиши тўғрисида хабарлар чиққан эди.

Матбуот хизматидан маълум бўлишича, стадиондаги қурилиш ишларининг лойиҳаси тасдиқланмаган ва у реконструкция қилиниши ёки янгидан қурилиши мумкин.

Беҳзод Назаровнинг айтишича, "Пахтакор"га маблағ топиш ишлари билан клубга янги тайинланган президент Бобур Шодиев шуғулланади.

Клуб иккинчи мавсумгача хориждан мураббий олиб келиш масаласини ҳал қилмоқчи.

Олдинроқ ўзбек сайтлари ва ижтимоий тармоқларда асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг "Пахтакор" футбол клуби акцияларини сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққанди. "Пахтакор" клуби Би-би-си Ўзбек хизматига бу хабарларда асос йўқлигини айтган. Клуб Тошкент шаҳар ҳокимияти қарамоғида бўлганлиги ва унинг сотиладиган акциялари йўқлиги боис, ушбу хабарлар асоссиз эканлиги айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ