Диншунослик фани қачон тикланиши номаълум

Ўзбекистон мактабидаги синфхона

Ўзбекистон Халқ маорифи вазирлиги расмийларининг айтишича, диншунослик фанини мактаб, коллеж ва лицейларнинг 2017-18 йилги ўқув дастурига киритилиши ҳақида гапириш эрта.

Бундан олдин Ўзбекистон мактабларида диншунослик фанини киритишга доир ишлар олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Халқаро Пресс-клубда олий ва халқ таълими вазирлиги раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда kun.uz хусусий веб-сайти мухбири ўқув муассасаларида маърифий Ислом ва диншуносликни ўқитиш борасида нима ишлар қилинаётгани ҳақида сўраган.

Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари маърифий Исломга оид ўқув адабиётлари ва дастурлари кўриб чиқилаётганини, бу жараён ниҳоясига етганидан кейин диншунослик фани ўқув дастурларига киритилишини айтганлар.

Вазирликдан Би-би-сига аниқлик киритишларича, "Янги дастурлар ва ўқув адабиётларини жорий этишни назорат қилиш бош бошқармаси" мутахассислари бу борада иш олиб бормоқдалар ва "диншунослик фанини мактабларда 2017-18 йилги ўқув дастуридан ўқитиш бошланади, дейишга ҳали эрта".

"Диншунослик фанининг ўқув дастурларига киритилиши бугунги кунда баъзи ёшларнинг дин тўғрисидаги билимларининг саёзлиги натижасида террорчи оқимларга қўшилиб қолишидек муаммоларни бартараф этишда катта аҳамият касб этади", деб ёзади kun.uz

Ўтган ҳафта Остона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг саммитидаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни мутаассиб диний гуруҳлар таъсиридан сақлаш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Ўзбекистон "маърифий Ислом" ғоясини илгари сурмоқда - видеомизни YouTube каналимизда томоша қилинг

"Бугунги кунда халқаро террористик гуруҳлар ва вайронкор кучлар ўз фаолиятида ахборот технологияларидан янада фаол қўллаган ҳолда ёшларимиз онгини заҳарлаш ва зўравонлик ғояларини тарқатишда улардан фойдаланмоқда", - деган Президент Мирзиёев.

"Барчамизни доимо яхшилик, тинчлик ва бағрикенгликка чақирган ва даъват этувчи Ислом динининг асл маърифий қадриятларини кенг миқёсда тушунтиришда ҳамкорлик қилиш муҳим деб ҳисоблаймиз", деган Ўзбекистон раҳбари.

Президент Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро тадқиқот маркази ташкил этилганини эслатган.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон ўрта таълим муассасаларининг ўқув дастуридан "Диншунослик" фани олиб ташлангани хато бўлганини эътироф этадилар.

Мамлакат мустақиллигининг дастлабки йилларида мактабларнинг юқори синф ўқувчилари "Диншунослик"ни ўрганишган, аммо бу фан ҳам даҳрий Шўролар Иттифоқи қулаши арафасида янги жорий этилган, билимдон мутахассислар кам, шунинг учун ҳам "Атеизм" фани ўқитувчиларидан дарсларни ўтиш илтимос қилинган йиллар эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ