Ўзбек Интернет журналистикаси: булоқ кўз очди(ми?)

Ўзбекистон Интернет нашрлари Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Охирги етти-саккиз ой ичида Ўзбек интернет журналистикасида ўзгаришлар кўзга ташланмоқда: танқидий руҳдаги мақолалар эълон қилиняпти, авваллари тилга олинмаган муаммоли мавзулар кўтариб чиқилмоқда. Хўш, Ўзбекистонда интернет журналистикаси янги ривожланиш палласига одим отди, дея оламизми? У яқин йилларда сифат жиҳатидан юксала оладими? Эркинлик манбаига ва янгиликлар тезкор ёритиладиган ишончли воситага айланадими?..

Ўтган асрнинг 60-йилларида канадалик олим Маршалл МакЛуҳан тилга олган "глобал қишлоқ"да, мана, бугун бизлар яшамоқдамиз: ахборот-коммуникация технологиялари шунчалик ривожландики, дунёнинг исталган нуқтаси билан бемалол боғлана оламиз ва бошқа мамлакатларда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкорлик билан хабар топамиз. Бу жараёнда, шубҳасиз, интернетнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида интернет жуда қисқа вақт ичида анъанавий оммавий ахборот воситаларига муносиб рақобатчига ва сўз эркинлиги нуқтаи назаридан қулай минбарга айланди.

Ўзбекистон аҳолиси интернетдан фойдаланишни 1990-йилларнинг охирида бошлади. Аммо мамлакатда интернет журналистиканинг ривожланиш жараёни жуда суст кечмоқда. Бугунги кунда қарийб 400 веб-сайт Матбуот ва ахборот агентлигида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган бўлса-да, ўзбек тилида фаолият юритадиган, каттароқ аудиторияга эга нашрлар сони бармоқ билан санарли даражада оз.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистондаги интернет журналистикаси нисбатан эркин нафас ола бошлагандек. Нашрларда олдинлари деярли кузатилмаган ҳолат - дадилроқ танқидий мақолалар, муаммоли мавзулар кўзга ташлана бошлади. Масалан, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жанубий Кореяда ишлашни истовчилар учун жорий йилнинг апрелида ўтказган тест синовлари ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида кескин танқидга учради. Пировардида агентлик раҳбари ишдан олинди. Яқинда Тошкентдаги тиббиёт коллежи табаласи бўлган Жасурбек Ибрагимовнинг ўлими билан боғлиқ тергов ҳаракатларини республика Бош прокурори шахсан назоратига олишига ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрлардаги кенг муҳокамалар ҳам сабаб бўлди. Бироқ булар жузъий, кам сонли ҳолатлар, холос. Ўзбек интернет журналистикаси чин маънода ривожлана олиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун бир қатор муаммоларни енгиб ўтишига тўғри келади.

Ўзбек интернет нашрларини қийнайдиган энг катта муаммолардан бири моддий-техник имкониятларининг ҳаддан ташқари чекланганидир. Айрим муассислар ҳатто бир-икки журналист билан интернет нашр фаолиятини юргизмоқчи бўлади. Бир интернет нашр даромад келтира бошлаши учун йиллаб кутишга тўғри келиши мумкин, бунга эса ҳар қандай таҳририятнинг дош бера олиши мушкул. Молиявий муаммолар ўз-ўзидан малакали мутахассислар, профессионалларни ёллашга тўсқинлик қилади, оқибатда нашр савияси ҳамин қадар даражада қолиб кетади.

Дунё янгиликларини шитоб билан ёритадиган (тўғрироғи, шунчаки таржима қиладиган) ўзбек интернет нашрлари маҳаллий янгиликларга келганда оқсаб қолмоқда. Улар Ўзбекистоннинг барча минтақасига мухбир йўллаш имкониятига эга эмас, албатта. Мамлакатда нашрларни янгиликлар билан таъминлайдиган ахборот агентликлари эса мутлақо ривожланмаган. Айтайлик, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзАнинг ўта расмий оҳангдаги хабарлари катта аудиторияни қизиқтириши даргумон(буни агентлик сайтининг Миллий қидирув тизимидаги рейтинги ҳам кўрсатиб турибди). "Туркистон-пресс" ахборот агентлигининг эса бор-йўқлиги ҳам билинмайди. Қолаверса, расмий органлар матбуот хизматлари ва нашрлар ўртасида ҳамкорлик деярли йўқ. Жуда кам сонли давлат органларининг матбуот хизматлари фаол ишлайди, баъзилари онда-сонда сайтида юзаки, гоҳида ўта саводсизларча ёзилган пресс-релизларни эълон қилиш билан кифояланади. Кўпинча интернет нашрлари расмий органлардан маълумот олиш қийинлигидан шикоят қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Www.uz

Ўзбек интернет нашрлари дунё янгиликларини асосан Россия нашрларидан таржима қилади, шунинг учун баъзида ўзлари билиб-билмай бирор халқаро воқеа бўйича Россия нуқтаи-назарини етказишга, мазкур мамлакатнинг манфаатларини ёйишга хизмат қилмоқда. Бу эса ўзбекистонлик ўқувчиларнинг Россия оммавий ахборот воситаларига тобелигини орттириш билан бирга мафкуравий таҳдидни ҳам пайдо қилади. Ўзбек нашрларига бу борада "Жаҳон" ахборот агентлиги ёрдам бериши мумкин эди, аммо мазкур агентлик хориж мамлакатларида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритмайди. Дунё янгиликларини ёритишда Ўзбекистоннинг нафақат интернет нашрлари, балки барча оммавий ахборот воситалари хориж - асосан Россия оммавий ахборот воситаларига қарам бўлиб қолган. Ҳатто баъзида Ўзбекистонга оид янгиликларни рус сайтларидан таржима қилиш ёки Россиянинг "Спутник-Ўзбекистон" сайтидан кўчириб босиш ҳолатлари ҳам учрайди. Интернет нашрлари хориж воқеаларини ёритишда баъзан нотўғри маълумотларни ҳам тарқатади, чунки таҳририятларда ақалли дунёнинг муайян минтақаси бўйича ихтисослашган мутахассис-журналистлар йўқ, демакки, бу нашрлардан халқаро шарҳларни кутиш бефойда.

Энг муҳими - интернет нашрларнинг эркин фаолият юритишига дахл қилмаслик. Маълумки, журналистика эркинлик бор жойдагина ривожланади. Нашрларга босим ўтказишга уриниш улар фаолиятига тўсқинлик қилиш демакдир. Ўзбек интернет журналистикаси эндигина атак-чечак қилмоқда. Маъмурий йўллар орқали тазйиқ кўрсатишга ҳаракат қилиш, танқидий руҳдаги мақолаларни ўчириб ташлашни талаб этиб дўқ уриш, судга бериш билан қўрқитиш эндигина қадам ташлашни ўрганаётган интернет нашрларни оёғидан чалиш, сўз эркинлигини бўғиш деганидир. Шундоқ ҳам ўз ёғида ўзи қовурилаётган, молиявий муаммолар билан курашаётган интернет нашрлар учун маъмурий босимлар мутлақо ортиқчалик қилади.

Аброр Машарипов, тадқиқотчи

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ