ЖЧ-2018: Эрон 2-0 Ўзбекистон

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи Amin M. Jamali/Getty

Осиё минтақасидан 2018 йилги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувларининг 8-тур учрашуви мезбон Эроннинг ғалабаси билан якунланди.

Теҳроннинг "Озоди" стадионида бўлиб ўтган учрашувда эронликлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозасига жавобсиз иккита тўп киритишнинг уддасидан чиқишди.

Ҳар икки рақиб миллий терма жамоа учун муҳим бўлган ўйинда ҳисобни эронликлар тўпурари Сардор Азмун 1-бўлимнинг 23-дақиқасида очди.

Орада Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ҳисобни тенглаштиришнинг бир эмас, бир нечта имконияти бўлди.

Аммо эронликлар ҳимояси ва дарвозабони яхши ўйнади.

Аввалига Игорь Сергеев, кейин эса, Сардор Рашидов зарбасининг олдини олишга муваффақ бўлди.

2-бўлимнинг сўнгги дақиқаларида эса, Эрон ҳисобда янада олдинга чиқиб олди.

Учрашувнинг 88-дақиқасида Меҳди Таримий ҳисобни 2:0 га етказди.

Эрон бугунги ютуғи ортидан, муддатидан илгари ва ўз тарихида бешинчи бор жаҳон чемпионатига чиқди.

Бундан ташқари, Эрон Осиё қитъасидан бу каби шарафга нойил бўлган биринчи миллий терма жамоа ҳам бўлди.

Ўзбекистон эса, бугунги мағлубияти ортидан ўз олдига қўйган вазифани янада мураккаблаштирди.

"А" гуруҳидаги қолган тўрт жамоа: Қатар ва Жанубий Корея ҳамда Сурия-Хитой ўзларининг 8-тур учрашувларини эртага - 13 июнь куни ўтказишади.

Бу гуруҳдан 2018 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри яна бир йўлланманинг тақдири бу икки ўйин натижасига ҳам анчайин боғлиқ бўлади.

Бу гал ҳам ўз тарихида биринчи бор жаҳон чемпионатига чиқиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон қолган икки учрашувидан навбатдагисини сафарда 31 август куни Хитойга қарши ўтказади.

5 сентябрь куни эса, ўзининг энг сўнгги учрашувида Жанубий Кореяни Тошкентда қабул қилади.

Ўзбекистон Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига йўлланма учун ўз курашини давом этдирмоқчи бўлса, қолган икки ўйинда ғалаба қозониши албатта шарт бўлади.

Превью ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жорий пайтда "А" гуруҳи пешқадами Эрон ва Ўзбекистон Теҳрондаги бугунги ўйинга қадар етти бор бир-бирларига қарши майдонга тушишган.

Шундан бештасида Эрон, биттасида Ўзбекистон ғалаба қозонган. Бир ўйин эса, дуранг натижа билан якунланган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги етти ўйиндан учтаси жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувлари бўлади.

Шундан иккитаси Тошкент ва биттаси Теҳронда бўлиб ўтган, Ўзбекистон ҳисобидаги ягона ғалаба эса, айнан 2012 йилда Эронда бўлиб ўтганига тўғри келади.

Улуғбек Бақоев эса, ҳозирча Эрон дарвозасини забт этолган биринчи ва сўнгги ўзбекистонлик футболчи бўлади.

Эрон якуний босқич саралаш беллашувларида ҳалича бирор марта мағлубият аламини татимаган.

Ўзбекистонга қарши бугунги ўйинига қадар Эрон 5 та ғалаба ва иккита дуранг натижа қайд этган.

Ўзбекистон эса, тўртта учрашувида рақибларини доғда қолдирган. Аммо учта ўйинини бой берган.

Ютган ва ютқизган-чи?..

Бу босқичда ўз гуруҳида энг яхши натижа қайд этган иккитадан миллий терма жамоа Россия мезбонлик қилажак 2018 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритади.

Якуний босқич саралаш беллашувларини ўз гуруҳларида учинчи ўрин билан якунлаган қолган икки миллий терма жамоа эса, Осиё қитъасига ажратилган яна яримта йўлланма учун плей-офф босқичида тўп суришади.

Жорий босқичда Осиёнинг жаъми 10 та миллий терма жамоаси ФИФА томонидан қатъа учун ажратилган 4.5 та йўлланма учун кураш олиб боришмоқда.

"А" гуруҳи пешқадами бўлган Эрон етти ўйиндан 17 очко жамғаришга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон ҳисобидаги очколарнинг сони эса, жорий пайтда бундан бештага кам.

Аммо сўнгги босқич саралаш беллашувлари якунига қадар жамоалар яна иккитадан ўйин ўтказишади.

Ўзбекистон сафарда Хитой ва "уйда" Жанубий Кореяга қарши тўп суради.

Агар, Теҳрондаги бугунги ўйинда ғалаба қозонса, Эрон муддатидан илгари ва ўз тарихида бешинчи бор тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига чиқади.

Эронда муҳим уч очкони қўлга киритган тақдирда эса, Ўзбекистон биринчи бор бу каби шарафга нойил бўлиш имкониятини сақлаб қолади.

Яъни, ўзининг қисқа тарихида икки бор Осиё қитъаси саралаш босқич беллашувларининг плей-офф босқичига кўтарилган эса-да, Ўзбекистонга ҳалича жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ана шу муҳим учрашувнинг ўзи эса, бугун Тошкент вақти билан кечки соат 21:45 да Теҳроннинг "Озоди" стадионида бошланади.

Икки рақиб миллий терма жамоа сўнгги бор ўтган йил октябрь ойида пойтахт Тошкентда бир-бирларига қарши майдонга тушишган.

2018 йилги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувлари доирасидаги бу ўйиннинг тақдирини 27-дақиқада Эрон ўйинчиси Сайид Жалол Ҳусайний киритган ягона тўп ҳал қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар