Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокимини ишдан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Президент Мирзиёев ўтган шанба куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, хусусан вилоят фермерлари билан учрашганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевни лавозимда олти ой хизмат қилар-қилмас ишдан четлатди.

Бу ҳақида кун.уз сайти ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди, аммо Би-би-си ҳокимлик билан боғланганида бу хабарни на тасдиқлашди ё на инкон этишди.

Айтилишича, ҳоким президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилиши вақтида ишдан бўшатилган.

Кун.уз манбаси маълумотига кўра, Президент Мирзиёев йиғилиш вақтида "Самарқанд вилоятида қатор соҳаларда, жумладан, молия ва солиқ тизимидаги камчиликларни келтириб ўтган".

Президент Мирзиёев ўтган шанба куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, хусусан вилоят фермерлари билан учрашганди.

У учрашув чоғида фермерларнинг пахта етиштириб даромад кўрмаётганлигини эътироф этган ва уни азобга тенглаштирган.

Мирзиёев президентлик курсисига ўтирганидан бери вилоят ва туман ҳокимларини тез-тез ўзгартирмоқда. Аммо, кузатувчиларга кўра, янги ҳокимлар янги дунёқараш ёки сиёсий фикрлашга эга бўлган ёш кадрлар эмас, балки амалдаги мулозимлардир.

Ҳиммат Оқбўтаев ўтган йилнинг 23 декабрь куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Самарқанд вилояти ҳокими этиб сайланганди.

1962 йилда туғилган Оқбўтаев 10 йил давомида Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокими бўлиб ҳам ишлаган.

Аввалроқ эса Навоий вилояти прокурори муовини ва Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги қатор лавозимларни эгаллаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ