Мирзиёев Рустам Азимов эгаллаган лавозимни тугатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Мирзиёев ва Азимов ҳокимият учун яширинча курашишган деб ишонилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари — Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси ва Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш Йиғма ахборот-таҳлил департаменти раҳбари лавозимини тугатиш ҳақидаги қарорга имзо чеккан.

Шу йил июнига қадар ушбу лавозимни Рустам Азимов эгаллаб келган, ўтган ҳафта айни лавозимга Жамшид Қўчқоров тайинланганди.

12 июнь куни имзоланган №ПП-3051 сонли қарорга мувофиқ, эндиликда Жамшид Қўчқоров раҳбари бўлган комплекс "Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси" деб аталади.

Вазирлар Маҳкамасининг ижро тизимидаги ўзгаришлар "иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш мақсади" билан тушунтирилган.

Қарорга биноан Бош вазирнинг яна бир ўринбосари раҳбарлик қиладиган соҳа ўзгартирилган ва тўртта ахборот-таҳлил департаменти тугатилиб, ўрнига олтита янги департамент ташкил этилган.

Кетдими, кетказилдими?

59 ёшли Азимовнинг 6 июнь куни эълон қилинган истеъфоси кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Одатда ҳукумат таркибидаги ўзгаришларни шарҳламайдиган Ўзбекистондаги нашрлар Азимовнинг ҳукуматдан кетиши масаласига эътибор қаратган ва унинг ўзи кетдими ёки кетказилдими, деган саволларни ҳам кўтарган.

Таҳлилчилар Ислом Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида Мирзиёев ҳамда Азимов ўртасида сиёсий меросхўрлик учун яширин курашларнинг давом этиб келганини айтишган.

Аммо ўтган йил сентябрида Азимов Мирзиёевнинг президентликка номзодини қўллаб-қувватлаганди.

Бунинг ортидан ҳокимиятда Мирзиёев-Азимов тандеми юзага келиши ва Азимовнинг Бош вазир лавозимини эгаллаши ҳақида фаразлар айтилган.

Аммо Мирзиёев президент этиб сайланишидан кўп ўтмай, Азимов раҳбари бўлган Молия вазирлигини кескин танқид қилган.

Кейинроқ Президент Азимовни "ҳаётдан узилиб қолганлик" ва "молия-кредит тизимини барбод қилиш"да айблаган.

Таҳлилчилар "Ўзбекинвест" компаниясининг раҳбари этиб тайинланган Рустам Азимовнинг лавозимда узоқ қолмаслигини башорат қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02