Бабаян кетмайдиган бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ижроия қўмитаси Самвел Бабаянни футбол бўйича мамлакат терма жамоасининг бош мураббийлигидан четлатиш чақириқларини рад этган.

Федерация матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига "иш ва вазифани охирига етказиб қўйиш учун имконият берилади".

"Ўзбекистон терма жамоасининг 31 августда Хитойга қарши сафардаги ўйини ҳамда 5 сентябрь куни Кореяга қарши Тошкентдаги ўйинларига жамоани Самвел Бабаян тайёрлайди", дейилади хабарда.

Футбол Федерацияси ўзбек футбол ишқибозларининг шахсий фикрини ҳурмат қилиши ва вазиятни "яхши тушуниб тургани"ни айтган.

Хабарда айтилишича, "миллий терма жамоанинг кейинги тақдири бўйича қарор 5 сентябрда Корея билан Тошкентдаги ўйиндан кейин қабул қилинади".

Маълум қилинишича, шу йилнинг сентябрь ойида ЎФФ навбатдаги Конференциясини ўтказади ва унда ташкилий масалалар ҳам кўрилади.

"Жумладан, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ва раҳбарлик лавозимларининг сайлови, ЎФФ структурасини ўзгартириш ва кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, мамлакат футболини ислоҳ қилиш бўйича дастурларни тузиб чиқиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилади", дейилади расмий хабарда.

12 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Теҳрондаги ўйинда Эронга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлиши ортидан Бош мураббий Бабаянни истеъфога чиқариш чақириклари кучайган.

Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган қатор интернет нашрларида етакчи футбол журналистларининг танқидий мақолалари чоп этилган.

Uff.uz сайти чоршанба куни Бабаяннинг истеъфоси талаб қилинган баёнотни чоп этган.

Ўзбекистондаги айрим нашрлар сентябр ойида Футбол Федерацияси раҳбари Мираброр Усмоновнинг истеъфога чиқишини ҳам тахмин қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02