Иккинчи хотинга никоҳ ўқиган мулла жазоланади

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июн куни Ўзбекистондаги имомлар, маҳалла фаоллари билан бўлиб ўтган видео селекторда кўпхотинлилик масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Президент ЗАГСдан ўтмаган ҳолда шаръий никоҳ ўқиган муллалар, улар валломат бўлса ҳам жиноий жазо берилишини айтган.

Президент ёш оилаларнинг ажралиб кетишида, қайноналарнинг қонуний рафиқаси билан аразлашиб қолган ўғлига ЗАГСдан ўтмаган ҳолда яна бир қизга уйлантириб қўяётгани танқид қилган.

"Шу ўринда нозик масалага тўхталмоқчиман. Баъзан ҳаётда ЗАГСдан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам минг афсус кўп учраб турибди. Охирги пайтларда бу иллат жуда авжига олаяпти. Билмайман қаердан пайдо бўлди, Тошкент шаҳри биринчи ўринда. Қайнона, онаси ўпмаганидан санга олиб бераман, деб уч ойнинг ичида яна хотин олиб бераяпти. У бечора бева қолиб кетаяпти, ўртада бола пайдо бўлаяпти. (Никоҳ) ўқиган имом ҳеч нарсага жавоб бермаяпти", - деган Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти кўпхотинлиликни қоралаш учун "Ўтган кунлар" романидан мисол келтирган.

"Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлилик қандай ҳунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиш керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий "Ўтган кунлар" романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирли тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса".

Image caption Мирзиёев иккинчи хотин бўлиб теккан аёллардан туғилган болаларнинг келажаги ҳақида ўйлашга чақирган.

Мирзиёев иккинчи хотин бўлиб теккан аёллардан туғилган болаларнинг келажаги ҳақида ўйлашга чақирган.

"Ахир тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири келажаги эртага нима бўлади? Табиийки давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлади. Хусусан оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб улғайгандан кейин боғчага, таълим муассасига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этолмайди", - деган Президент.

Шавкат Мирзиёев ЗАГС рўйхатидан ўтмаган жуфтликка шаръий никоҳ ўқиган муллаларни жиноий жазога тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилаётганини маълум қилган.

"Ҳурматли имом-хатиблар сизлар ЗАГС ҳужжатини кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай муаммо олиб келаётгани лоақал тасаввур қила оласизларми ўзи? Ҳозирги кунда ҳаётимизджа авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу қонунда ЗАГС ҳужжатига эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлса ҳам жиноий жазо бериш қарор қабул қиламиз".

Видеони томоша қилиш учун YouTube линкини босинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар