Мирзиёев 11 йиллик таълимга қайтишни таклиф қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA

Президент Мирзиёев 11 йиллик таълимни қайта тиклашни таклиф қилган.

Бу ҳақда у жума куни пойтахтнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабига ташрифи чоғида гапирган.

Президентга кўра, 11 йиллик таълим мактаб ва коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш учун муҳим.

У тажриба сифатида айни мактабда 11 йиллик таълимни жорий этишни таклиф қилган.

ЎзАнинг Президентдан иқтибос келтиришича, мактаб қошида ўқув-касб корхонаси ҳам ташкил этилади.

"Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади, деди давлатимиз раҳбари. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак", - деган Мирзиёев.

Президент таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш ва ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳам зарурлигини таъкидлаган.

Шу йил бошида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 11 йиллик таълим тизими қайта жорий этилиши ҳақида хабарлар тарқаганди.

Аммо Халқ таълими вазирлиги бу хабарларни рад этган.

Ўзбекистонда 11 йиллик таълим 1997 йилда бекор қилинганди.

9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими 1997 йил 29 августда "Таълим тўғрисида"ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурлари асосида жорий қилинган.

Аввалроқ Президент Мирзиёев кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятсизликка учраганини тан олган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02