"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонда коррупция бор

пора Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

"Ижтимоий фикр" ўтказган сўров иштирокчиларининг қарийб 57 фоизи Ўзбекистонда коррупция борлигини таъкидлаган. Бу вақтгача "Ижтимоий фикр" респондентлари асосан ҳаётдан ва давлат олиб бораётган сиёсатдан мамнунлигини изҳор қилиб келган.

Сўровда қанча одам иштирок этгани маълум эмас. Сўров ўтказилгани ҳақида "Халқ сўзи" газетаси хабар берган.

"Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятимизда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлаган", - дейилади хабарда.

Респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси эгаллаган.

Сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

Хабарда айтилишича, тадқиқот давомида фуқароларнинг мансабдор шахсларни ўз мавқеидан шахсий манфаати учун фойдаланишга ундайдиган ва коррупция ҳуқуқбузарлигини амалга ошириш сабабларига нисбатан фикри аён бўлган.

"Юртдошларимиз баёнига кўра, ўз моддий аҳволини яхшилаб олиш ҳамда бойиш истаги мансабдор шахсларни коррупцияга ундайди. Айни пайтда шахсий муаммоларини ҳал қилиш эвазига фуқароларнинг ўзлари берадиган моддий мукофот ёки бошқа кўринишдаги ҳадялар ҳам коррупцияга йўл очади".

Муаллиф аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва коррупцияга қарши ахлоқ стандартларини яратиш жуда муҳимлигини таъкидлайди.

Ёмон йигирматаликдаги Ўзбекистон

Халқаро ташкилотлар чиқарган ҳисоботларда Ўзбекистон коррупцияга ботган давлатлар рўйхатидан жой олиб келади.

2017 йилнинг бошида "Transparency International" халқаро ташкилоти томонидан чиқарилган йиллик ҳисоботда ҳам Ўзбекистон 176 мамлакат орасидан қуйи йигирмаликдан жой олган ягона собиқ Шўро давлати бўлган.

"Transparency International" ташкилотининг 2016 йил бошида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган бўлса, бу йилги рўйхатда уч поғона қуйи натижа қайд этган.

Бироқ Ўзбекистонда расмийлар коррупция борлигини эътироф этишса-да, унинг кўлами борасида сукут сақлашган.

"Ижтимоий фикр" томонидан ўтказилиб келинган сўровлар эса муаммоларни эмас, ютуқлардан миннатдор одамларнинг фикрлари асосий ўрин тутган.

Янги Президент ШАвкат Мирзиёев шу йилнинг феврал ойида мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг 2 йиллик дастурини имзолади.

Бироқ кузатувчилар Ўзбекистонда "сиёсий режим ўзгармас экан, коррупция билан боғлиқ вазият ўзгармайди", дейишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ