Ўзбек имоми: "Ёқамиз сенинг қўлингда қолмаган"

Олдинроқ Facebook фойдалувчилари имомлардан Президентдан дин ривожини сўрашга чақирган Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Олдинроқ Facebook фойдалувчилари имомлардан Президентдан дин ривожини сўрашга чақирган

Юнусобод туман бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов ижтимоий тармоқларда имомларни танқид қилаётганларга жавоб берди. Имомга кўра, ижтимоий тармоқларда халқни имомлардан қайтаришга ҳаракат бўлмоқда. Олдинроқ Президент билан учрашувда имомлар дин-шариат ривожи ҳақида гапирмай ёки гапни айлантирадиган бўлса "қиёмат куни икки қўлим ёқангизда" қолади, каби фикрлар билдирилганди.

Имом 16 июн куни Жума намози маърузасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг имомлар билан учрашувига тўхталиб ўтган. Раҳмутуллоҳ Сайфиддиновнинг айтишича, анжуман бошланмасдан туриб "мухолифат" уни танқид қилган.

"Имомлар ҳар бир масалани подшога айтмаса, бу имомларнинг ёқасида қўлим кетади, деб бир аҳли илм укамиз ёзибди. ИншоОллоҳ, бир чақириб у билан гаплашмоқчимиз. Бизнинг ёқамиз сенинг қўлингда қолмаган. Имомларнинг аҳволини билиш учун, аввало, имом бўлиш керак", деган у.

Facebookда имомлар билан Президентнинг учрашуви маълум бўлганидан сўнг, айрим диндорлар ва аҳли илмлар ушбу учрашувдан диндорларнинг дардини сўраш кераклигини айтиб чиқишганди.

"Эй, имомлар, дин пешволари! Агар подшохи бокарам: "Тила тилагингни!", деганида халқ, миллат, дин-шариат ривожи ҳақида гапирмай, таклиф бермай жим ўтирирсангиз ёки гапни айлантирадиган бўлсангиз, айтиб қўяй қиёмат куни икки қўлим ёқангизда бўлур!", - деб ёзди Ҳамидуллоҳ Беруний.

Фото муаллифлик ҳуқуқи qalampir.uz
Image caption Раҳматуллоҳ Сайфиддиновга кўра, бутун дунёда имомлардан совутиш иши кетмоқда

Раҳматулоҳ Сайфиддиновга кўра, бутун дунёда имомлардан совутиш иши кетмоқда.

"Бизнинг халқимизни аҳли илм имом-хатиблардан қайтариш иши кетаяпти. Бу атайлаб уюштирилаётган нарса. Бутун дунёда шу нарса бўлаяпти. Битта имом бир хато қилган бўлса, унинг хатосини юзта гуноҳга кўпайтириб, дарров халққа ҳавола қилаяпти. Тап тортмасдан, қўрқмасдан аҳли илмни ҳақорат қилиш одатга айланиб бораяпти".

Имом бу амалларни фитнага тенглаштирган ва унга учиб қолмасликка чақирган.

"Азизлар, бу фитна. Агар уларнинг фитнасига учсак, аҳли илм имомларимиздан ихлосимиз қайтиб уларга эргашмай қўйсак, уларнинг мақсади, халқимизни ўзларига эргаштириш. Эртага халқ имомларга эргашмаса кимга эргашади. Албатта, шайтон қолади фақат меҳробда. Мақсад шу", - деган у.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда асосан Ўзбекистон ичидаги диндорлар Президент билан бўладиган имомлар учрашувида муҳим масалалар кўтарилишини сўраб мурожаат бўлган эди.

Ушбу фикрларда имомларга ишончсизлик билдирилганини кўриш мумкин. Уларга кўра, имомлар уммат дардини Президентга айта олмаслиги мумкин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (олий маъҳад) айрим талабаларининг томонидан sof.uz сайтида ёзилган мурожаатда Ўзбекистон диний таълим тўғрисида қабул қилинаётган қарор диндорларнинг ҳуқуқини поймол қилиниши ҳақида айтилган эди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган таклиф амалга ошса диний соҳадаги ўрта-махсус билим юртларига фақат 18 ёшга тўлганлар қабул қилинади.

Видеони томоша қилиш учун YouTube линкини босинг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ