Мирзиёевга қарши саботаж?

Xorazm viloyatida xalq qabulxonasi Фото муаллифлик ҳуқуқи MTRK.UZ
Image caption Хоразм вилоятида ташкил қилинган халқ қабулхонаси

Президент Мирзиёев судьяларнинг қонунга зид, адолатсиз ҳукмларини танқид қилганидан кейин ҳам ноҳақ суд қарорлари қабул қилинаётгани ҳақида ёзишмоқда Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари.

Ана шу мазмундаги шикоятлар Ўзбекистон президентининг Виртуал қабулхонаси ва Президент Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифасига бориб тушаётганини кўриш мумкин.

Зотан, Президент Мирзиёев суд тизимига бағишланган нутқ билан чиққанининг эртаси куниёқ мамлакатдаги ҳамма суд қарорларининг адолатли бўлиб қолишини кутиб ҳам бўлмас эди.

Шунингдек, давлат раҳбарининг ўз бизнеси билан шуғулланмоқчи бўлган инсонларга банкдан имтиёзли кредит ажратиш кўрсатмаси ҳам фақат қоғозда қолиб кетаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Айрим вилоят ва туман ҳокимликлари, суд, прокуратура ва бошқа маҳаллий органлар мансабдорлари эса президент Виртуал қабулхонасига шикоят ёзган инсоннинг ўзини "ёлғон маълумот", "ёлғон ахборот" тарқатиш банди бўйича жиноят иши очиш билан таҳдид қилиш, шу йўл билан шикоятчига босим ўтказиб, овозини бўғишга уринаётганлари ҳам ҳақиқат.

Президент Мирзиёевнинг ўзи Ўзбекистон суд тизимига бағишланган мажлисда амалдорларнинг Халқ қабулхонаси, Президент Виртуал қабулхонасини ташкил этишга қарши чиққанлари ва бугун ҳам қарши эканлари ҳақида айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GoV.UZ

"Нима учун биз Халқ қабулхоналари ва Президент Виртуал қабулхонасини ташкил қилдик? Менинг атрофимда юрганларнинг ҳам кўпига ёқмаган. Ёқмайдиям. Ёқмаган ҳам. Ҳокимларга ҳам ёқмайди, ҳеч кимга ёқмайди. Бу ташвиш кимга керак? Халқни эшитиш, нима деган гап? "Халқ билан мулоқот йили" эълон қиламиз, десам, у нима деган гап? Нима биз мулоқот қилмаймизми, деган менинг атрофимдаги жуда кўп одамлар", деб айтган Президент Мирзиёев 13 июнь куни Тошкентда ўтказилган видеоселектор мажлисда.

18 июнь ҳолатига кўра, Президент Мирзиёев қабулхонасига 894821 ма мурожаат бориб тушган ва бу мурожаатларнинг 93 фоизи кўриб чиқилгани ҳақидаги хабарни кўриш мумкин.

Лекин бу шикоятларни йўллаган фуқаролардан қанчасининг муаммоси чиндан ҳам ҳал этилди, қанчасини маҳаллий чиновниклар "кўриб чиқилди" дея президент девонига ҳисобот беришди, аниқлаш имконсиз.

Шу боис ҳам халқ арзу-додига қулоқ тутишни истамаган, оддий одамларнинг муаммоларини ҳал қилиш ўзларининг манфаатига тўғри келмайдиган амалдорлар Президент Мирзиёев ислоҳотларини саботаж қиляптиларми, деган мулоҳазалар ҳам пайдо бўлган.

"Виртуал қабулхонага ёзишнинг ҳам фойдаси йўқ экан, мурожаатинг яна қайтиб келиб кимнинг устидан ёзган бўлсанг, ўшанинг қўлига келиб тушар экан", деган фикр пайдо бўлган одамларда дейди фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.

Ўзларининг арзу-додини давлат одамлари кўп йиллар буткул инкор қилиб келганини кўрган ва бугун Президентнинг чиқишларидан руҳланган халқнинг маҳаллий амалдорларга қарши норозилиги келиб чиқмасмикан, деган хавотир ҳам юзага келган.

Баҳодир Элибоев Виртуал қабулхона ҳақида оддий одамлар қандай фикрда эканликлари ҳақида ҳикоя қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ