Мобиль алоқаларга тўлов қачон сўмда ҳисобланади?

сўм Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Ўзбек мобиль телефон мижозлари нархларни долларга боғлаб ҳисоблашдан бир йилдан сўнг қутилиши мумкин. Унгача мижозлар долларнинг давлат курсида ҳисобланган нархларда тўлашига тўғри келади. Долларнинг расмий курси эса Ўзбекистонда жадал суъратларда ортиб бормоқда.

Ўзбекистондаги мобил операторлар ҳисоб-китобларни амалга оширишда доллардан бир йилдан сўнг воз кечиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумат порталидаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтидан шу нарса англашилади.

Муҳокама қилинаётган тартибдан маълум бўлишича, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади. Бироқ ушбу сана яна ўзгариши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

"2018 йил 1 июлдан тарифларни ўрнатиш ва кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади", - дейилади тартиб лойиҳасида.

Унга изоҳ қолдирганлардан бири ушбу санани 2018 йилнинг бошланишига ўзгартиришни таклиф қилган.

"Июлгача нимани кутаяпмиз", - деб ёзган Расул Абдураимов.

Ўзбекистонда мобил алоқа хизматига тўловлар Марказий Банк курси бўйича доллар курсига ҳисобланиб сўмда тўланади.

Доллар нархи эса сўнгги ойларда олдингидан тезроқ суъратда ортаётганини кўриш мумкин.

Бир доллар Марказий Банк курси бўйича 3930 сўмга чиққан.

Ўзбекистонда валюта айирбошлашни эркинлаштириш тўғрисида гап-сўзлар расмий доираларда авж оларкан, Ўзбекистон ичида хизматларга ҳақларни сўмда белгилаш талаблари ҳам кучайган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ